“Манчестер Юнайтед” ёзги трансфер ойнасида кутилмаган трансферни амалга оширишга тайёрланмоқда. Бу ҳақда Indykaila News нашри хабар берди.
Қайд этилишича, жамоанинг ушбу лойиҳаси Elite Бранд деб номланган бўлиб, у ҳозирда юқори даражада ўйнаётган футболчини жамоага олиб келишни мақсад қилган. Клуб ушбу трансфер орқали бутун футбол оламини ҳайратда қолдирмоқчи.
Аввалроқ “Манчестер Юнайтед” раҳбарияти “Ноттингем Форест” ҳамда Кот-д’Ивуар терма жамоаси таянч ярим ҳимоячиси Иброҳим Сангаре, “Лейпциг” ва Германия терма жамоаси чап қанот ҳимоячиси Давид Раум, “Ноттингем Форест” ва Англия терма жамоаси ярим ҳимоячиси Эллиот Андерсон, “Ньюкасл” ва Англия терма жамоасининг 24 ёшли иқтидорли футболчиси Энтони Гордон ҳамда “Ливерпуль”ни тарк этиши кутилаётган аргентиналик футболчи Алексис Макаллистерни нишонга олгани ҳақида хабар берилган эди.
“Қизил иблислар” Англия Премьер Лигаси жорий мавсумида 51 очко тўплаган ҳолда турнир жадвалида учинчи ўринда бормоқда. Жамоа АПЛ 30-тури доирасидаги учрашувини бугун, 15 март куни ўзи билан бир хил очко жамғарган “Астон Вилла”га қарши баҳс олиб боради. Учрашув Тошкент вақти билан соат 19:00 да “Олд Траффорд” стадионида старт олади.
Маълумот учун, Манчестер клуби Майкл Керрик вақтинча мураббий этиб тайинлангач, олтита ўйинда ғалаба қозониб, биттадан дуранг ва мағлубият қайд этган.








