Эрон дунёдаги барча хом нефтнинг бешдан бир қисми ўтадиган энг муҳим энергетика йўлаги — Ҳормуз бўғозини миналаштиришни бошлади. Бу ҳақда АҚШ разведкаси маълумотларидан хабардор икки манба CNN’га маълум қилди.
Манбаларга кўра, миналаштириш ишлари ҳали кенг кўламли эмас, сўнгги кунларда бир неча ўнлаб миналар ўрнатилган. Бироқ Эрон мина қўйишга мўлжалланган кичик кемаларининг 80–90 фоизини сақлаб қолган. Шу боис истаса бўғозга юзлаб миналар жойлаштириши мумкин.
Ҳозирда Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси ва денгиз кучлари бўғозни назорат қилмоқда. Улар мина ташувчи кичик кемалар, портловчи модда ортилган қайиқлар ва қирғоқдан учириладиган ракета тизимлари орқали мураккаб ҳужум тизимини яратиш имкониятига эга.
“Агар Эрон Ҳормуз бўғозига бирон бир мина жойлаштирган бўлса — гарчи бизда бундай маълумотлар бўлмаса-да, улар дархол олиб ташланишини хоҳлаймиз!”, деди Трамп 10 март куни Truth Social саҳифасида.
У миналар қўйилган бўлса-ю, олиб ташланмаса, Эрон “илгари ҳеч қачон кўрилмаган” оқибатларга дуч келишини айтди. Шундан сўнг АҚШ мудофаа вазири Пит Ҳегсет Ҳормуз бўғозидаги ҳаракатсиз мина қўювчи кемалар нишонга олинаётганини айтди.
“Биз террористларнинг Ҳормуз бўғозини гаровга олишига йўл қўймаймиз”, деди у.
АҚШ Марказий қўмондонлиги Ҳормуз бўғози яқинида Эроннинг бир нечта ҳарбий кемаларини, жумладан, мина ўрнатувчи 16 та кемасини йўқ қилганини эълон қилди.
“Ҳормуз бўғози хавфсиз бўлиб қолади. У ерда ҳарбий-денгиз кучларимизнинг кемалари кўп. Бизда миналарни текширадиган дунёдаги энг яхши ускуналарга эгамиз”, деган эди Трамп 9 март кунги матбуот анжуманида.
CNN хабарига кўра, ҳозирда Форс кўрфазида ҳар куни қазиб олинадиган салкам 15 миллион баррел хом нефть ва яна 4,5 миллион баррел ёнилғи қолиб кетган. Ироқ ва Кувайт каби нефть ишлаб чиқарувчи давлатлар учун маҳсулотни экспорт қилишда Ҳормуз бўғозидан бошқа муқобил йўл йўқ. Йирик иқтисодиётга эга G7 давлатлари танқисликни қоплаш учун захиралардан кўпроқ нефть чиқариши мумкинлигига ишора қилди.
Сув йўли орқали нефть ташиш имконияти борасидаги ноаниқлик хом нефть бозорида кескин тебранишларга сабаб бўлмоқда. Бир баррел нефть нархи кетма-кет сакрашлар натижасида 90 доллардан юқори ва 80 доллардан паст кўрсаткичлар орасида ўйнаб турди.








