Англиянинг Манчестер шаҳри полицияси “Манчестер Сити” ярим ҳимоячиси Родри билан боғлиқ вазият юзасидан текширув бошлади. Бу ҳақда The Sun нашри хабар берди.
Қайд этилишича, футболчи яшайдиган турар жой мажмуасидаги қўшнилари у ўз ҳовлисида дрон учираётгани ва шахсий ҳаёт дахлсизлигини бузаётганини даъво қилиб, ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаат қилган.
Мазкур суриштирув ишлари ижтимоий тармоқларда Родрининг ўз пентҳауси балконида дрон бошқарув пульти билан тургани акс этган суратлар пайдо бўлганидан сўнг бошланди.
“Телевизор кўриб ўтирганингизда деразангиздан бир метр нарида дрон пайдо бўлиши – сиз кутган энг ёмон нарса бўлса керак”, дейди Родрининг қўшниларидан бири.
Полицияга мурожаат қилишдан аввал аҳоли ушбу воқеани умумий гуруҳларда муҳокама қилган ва бино консьержига ҳам шикоят йўллаган.
Аввалроқ Родри Англия Премьер Лигасининг 24-туридан ўрин олган ва 2:2 ҳисобидаги дуранг билан якунланган “Тоттенҳэм”га қарши ўйиндан сўнг ҳакамлик борасида берган изоҳлари учун 80 минг фунт стерлинг (92 минг евро) миқдорида жаримага тортилган эди.
Маълумот учун, жорий мавсумда Родри “Манчестер Сити” сафида барча турнирлар доирасида 24 та ўйинда майдонга тушиб, 2 та гол муаллифига айланди.








