АҚШ ва Исроилнинг Эронга зарбалари халқаро ҳуқуққа тўғри келмайди, аммо Теҳроннинг ўзи ҳам минтақавий хавфсизликка таҳдид солади. Нидерландия бош вазири Роб Йеттен шундай фикр билдирди.
“Ўтган ҳафтада Эронга қилинган ҳужумлар ҳам, Эроннинг минтақа мамлакатларига нисбатан қабул қилиб бўлмайдиган жавоб чоралари ҳам халқаро ҳуқуқ доирасидан ташқарида”, дея сиёсатчининг сўзларини келтирган Politico нашри.
Бош вазирнинг таъкидлашича, Эрон узоқ йиллардан бери “ўз аҳолиси” ва минтақа барқарорлигига “таҳдид солиб келаётгани” сабабли ҳукумат АҚШ ва Исроилнинг биринчи зарбаларини маълум даражада “тушунади”.
Бироқ халқаро ҳамжамият қанчалик мураккаб бўлмасин, дипломатик ечимларни излашда давом этиши керак, деди Роб Йеттен.
Шу билан бирга, у АҚШ ва Исроил ҳарбий кампаниясининг аниқ мақсади тушунарли бўлиши кераклигини таъкидлади. “Асосий савол шуки: бу зарбалар қачон муваффақиятли деб ҳисобланади?” деди бош вазир.
У АҚШ ва Исроил зарбаларининг асл мақсади нима эканини аниқлаш кераклигини айтди. Аввал Оқ уй Эрон билан урушнинг мақсадлари ҳақида турли хил изоҳлар берган. Бироқ 6 март куни АҚШ президенти Дональд Трамп маъмуриятининг якуний мақсади Ислом республикаси раҳбариятининг “сўзсиз таслим бўлиши” эканини таъкидлади.
Йеттеннинг баёнотлари Нидерландия позициясининг бошқа европалик етакчилар, хусусан, Испания ва Франция қарашларига яқинлашаётганини кўрсатади. Бу давлатлар ҳам урушнинг қонунийлигига шубҳа билдирган.








