АҚШ ҳарбий терговчилари Эрондаги қизлар мактабига берилган зарба ортида АҚШ кучлари турган бўлиши эҳтимолини юқори баҳоламоқда. Бу ҳақда америкалик икки расмийга таяниб Reuters хабар берди.
АҚШда мактабга ҳужум юзасидан тергов олиб борилмоқда, бироқ ҳали якуний хулоса чиқарилмаган. Ҳужумни Исроил ёки АҚШдан қайси бири амалга оширгани, шунингдек, мактаб нима сабабдан нишонга олингани ҳозирча номаълум. АҚШ мудофаа вазири Пит Хегсет 5 март куни ҳарбийлар ушбу ҳодиса бўйича текширув олиб бораётганини тасдиқлаган.
Расмийлар янги далиллар пайдо бўлиб, АҚШнинг бу ҳодисага алоқаси йўқлигини ҳам кўрсатиши мумкинлигини инкор этмади. Эроннинг Минаб шаҳридаги қизлар мактаби 28 февраль куни АҚШ ва Исроилнинг Ислом республикасига қарши ҳужумлари бошланган биринчи кун нишонга олинган. Ҳужум оқибатида 165 нафар ўқувчи қиз ҳалок бўлган.
Reuters тергов яна қанча давом этиши ёки якуний баҳо чиқариш учун АҚШ терговчилари яна қандай далилларни ўрганаётганини аниқлай олмади. АҚШ давлат котиби Марко Рубио 2 март куни журналистларга Қўшма Штатлар атайлаб мактабга ҳужум қилмаслигини айтди.
“Агар бу бизнинг зарбамиз бўлса, буни Мудофаа вазирлиги текшириб кўради”, деган у.
БМТ Инсон ҳуқуқлари бошқармаси ҳам ҳужум юзасидан мустақил текширув ўтказишга чақирди. Агар мактаб ёки шифохона каби фуқаролик объектларига атайлаб зарба берилгани тасдиқланса, бу халқаро гуманитар ҳуқуққа кўра ҳарбий жиноят ҳисобланиши мумкин.








