Озарбайжон президенти Илҳом Алиев Эронга тегишли иккита дрон мамлакат ҳудудига тушгани борасида фикр билдирди. У мамлакат ҳукумати юз бераётган жараёнлар ҳақида халқни мунтазам хабардор қилиб боришини маълум қилди.
“Темир мушт” ва биринчи даражали жанговар шайлик
Илҳом Алиев Озарбайжон халқини хотиржамликка чорлар экан, мамлакатга қарши чиққан ҳар қандай душман кучи “темир мушт” зарбасига учрашини таъкидлади. Президент сўзларига кўра, Озарбайжоннинг кучини синаб кўрмоқчи бўлганлар аввал ҳам қақшатқич жавоб олган ва навбатдаги ҳодиса ҳам айнан шундай натижа билан якунланади.
“Озарбайжонга қарши ушбу террорчилик актини содир этганлар қилган ишидан пушаймон бўлади. Ҳеч ким мамлакатимиз кучини синашга уринмасин”, дея огоҳлантирди Алиев.
Шунингдек, президент Озарбайжон Қуролли кучлари, жумладан, Мудофаа вазирлиги, Давлат чегара хизмати ва барча махсус тайёргарлик бўлинмалари биринчи даражали жанговар шайлик ҳолатига келтирилганини ҳамда ҳар қандай операцияни ўтказишга тайёр туриши лозимлигини айтди.
Илҳом Алиев ўз нутқида Эрон билан боғлиқ вазиятга ҳам тўхталиб ўтди. Унинг сўзларига кўра, Озарбайжон оғир дамда Эронга ёрдам қўлини чўзган, бироқ бунинг эвазига кутилмаган зарбага учраган.
Президентнинг маълум қилишича, Эрон ташқи ишлар вазири ўринбосари Бакуга қўнғироқ қилиб, Ливанда қолиб кетган Эрон элчихонаси ходимларини эвакуация қилишда ёрдам сўраган, чунки Эрон томонида бунинг учун зарурий воситалар бўлмаган. Алиев дарҳол самолёт ажратиш ва ёрдам кўрсатиш ҳақида кўрсатма берганини айтди.
“Эрон томони ҳатто ушбу хизмат учун пул тўлашни таклиф қилди, бироқ мен рад этдим ва оғир дамда ёрдам беғараз кўрсатилиши кераклигини таъкидладим. Шунча яхшиликдан сўнг эса Нахчивонга номардларча ва қўрқоқларча зарба берилди”, деди Озарбайжон раҳбари.
Озарбайжон ҳудудига 5 март куни Эроннинг иккита дрони қулаб тушди. Дронлардан бири Нахичивон автоном республикаси аэропорти ҳудудига, иккинчиси эса Шакаробод қишлоғидаги мактаб биноси яқинига қулаган, ўқувчилар ва устозлар ҳудуддан эвакуация қилинган. Ҳужум оқибатида икки нафар тинч аҳоли жароҳатланган.








