АПЛ 29-тури доирасида ўтказилган “Арсенал” — “Брайтон” учрашувида Лондон жамоаси футболчилари танаффуслардан сўнг ўйинни қайта бошлаш учун жами 30 дақиқа 51 сония вақт сарфлади. Opta статистик портали хабарига кўра, бу “канонирлар”нинг жорий мавсумдаги рекорди ҳисобланади.
Барча тўхталишларни ҳисобга олганда, “Брайтон”га қарши беллашувда “Арсенал” бурчак тўплари, дарвозадан тўпни ўйинга киритиш, аутлар ва жарима зарбаларини амалга ошириш учун ўртача 31,4 сония вақт сарфлаган.
Қизиқарли томони шундаки, жорий мавсумда АПЛда жамоалар бундан ҳам кўпроқ вақт “ўғирлаган” 195 та ҳолат кузатилган. Бу эса “канонирлар”нинг кечаги ҳаракати мавсум учун мутлақ рекорд эмаслигини кўрсатмоқда.
Маълумот учун, “Арсенал” Букайо Саканинг голи эвазига сафарда “Брайтон”дан устун келди ва “Манчестер Сити”нинг дуранг натижасидан унумли фойдаланиб, ўртадаги фарқни 7 очкога оширди. Лондонликлар ҳисобида 67 очко мавжуд. “Шаҳарликлар” эса 29 ўйиндан сўнг 60 очко жамғарган.
Opta маълумотига кўра, “канонирлар” АПЛ ғолиблиги учун асосий фаворит бўлиб турибди. “Тўпчилар”нинг чемпионлик эҳтимоли 93,6 фоизга тенг деб баҳоланган.








