Daryo

Саудиядаги АҚШ элчихонасига дронлар ҳужум қилди

Трамп тез орада мазкур ҳужум ва америкалик тўрт ҳарбийнинг ўлимига жавоб қайтарилишини эълон қилди. Саудия дипломатик кварталдаги тўртта дронни тутиб олган.

1 дақиқа ўқиш7 398 кўришлар0 изоҳ8

АҚШнинг Ар-Риёд шаҳридаги (Саудия Арабистони) элчихонасига иккита дрон келиб урилди, объектда ёнғин чиқди. Бу ҳақда Саудия Мудофаа вазирлигига таяниб Al Jazeera хабар берди.

Вазирлик баёнотига кўра, ҳужум 3 март куни тонгда амалга оширилган, оқибатда мажмуага “кичик моддий зарар” етган. АҚШ президенти Дональд Трамп элчихонага уюштирилган ҳужум ва тўрт нафар америкалик ҳарбийнинг ўлдирилишига жавоб тез орада ойдинлашишини айтди.

“Буни тез орада билиб оласиз”, деди у.

​

Ҳужумдан сўнг Ар-Риёднинг хорижий ваколатхоналар жойлашган дипломатик квартали устида қора тутун кўтарилган. Reuters агентлигига уч киши элчихонада кучли портлаш овози эшитилгани ва аланга кўринганини айтган. Бироқ Саудия Арабистони Мудофаа вазирлиги ва манбалардан бири агентликка дрон ҳужумидан кейинги ёнғин кичик ҳажмда бўлганини таъкидлади.

Ҳужум вақтида элчихона биноси бўш бўлган, қурбонлар қайд этилмаган. Саудия Арабистонининг ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари Ар-Риёднинг дипломатик кварталига ҳужум уюштирган тўртта дронни тутиб олган.

Al Jazeera мухбири Майк Ханна АҚШ йирик можарога киришган бир пайтда Трампнинг алоҳида ОАВга қисқа маълумотлар беришини “мисли кўрилмаган ҳолат” деб атади.

“Можаро бошланганидан бери у мухбирларга қўнғироқ қилиб, кичик маълумотлар улашмоқда. Бу президентнинг можаро пайтида ўзини қандай тутиши нуқтайи назаридан мутлақо мисли кўрилмаган ҳолат ва бу Америка жамоатчилигининг катта қисмини ўйлантирадиган савол”, деди Ханна,

АҚШ элчихонаси ҳужумлар фонида Ар-Риёд, Жидда ва Заҳрон шаҳарларидаги Америка фуқароларини “бошпанада қолиш” ҳақида огоҳлантирди. Элчихона баёнотида фуқароларга объектга қилинган ҳужум сабабли дарҳол хавфсиз жойга ўтиш ва кейинги хабаргача элчихонадан узоқроқ туриш тавсия этилган.

“Биз Қиролликдаги Америка фуқароларига зудлик билан бошпана топишни ва объектга ҳужум қилингани сабабли кейинги огоҳлантиришгача элчихонага бормасликни тавсия қиламиз. АҚШнинг Саудия Арабистонидаги миссияси минтақадаги вазиятни кузатишда давом этмоқда”, дейилади элчихона хабарида.

Karimova Zulfiya Abduhakim qizi. 1999-yilda Toshkent shahrida tavallud topgan. Millati — o‘zbek. 2023-yilda O'zbekiston jurnalistika va ommaviy kommunikatsiyalar universitetining xalqaro jurnalistika yo'nalishi bakalavr bosqichini tamomlagan.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар