Дубай Иқтисодиёт ва туризм департаменти (ДИТ) маҳаллий меҳмонхоналарга авиарейслар бекор қилингани сабабли мамлакатни тарк эта олмаётган туристларни чиқариб юбормаслик ва уларнинг қолиш муддатини дастлабки банд қилиш шартлари асосида узайтириш бўйича кўрсатма берди. Бу ҳақда департаментнинг расмий хатига таяниб, Khaleej Times хабар берди.
Таъкидланишича, ҳаво ҳудуди ёпилиши сабабли қийин аҳволда қолган сайёҳларни меҳмонхоналардан чиқариб юбориш тақиқланади. Агар сайёҳ қолиш муддатини узайтириш учун ҳақ тўлай олмаса, меҳмонхона бу ҳақда департаментни хабардор қилиши лозим ва барча харажатлар қабул қилувчи томон (ҳукумат) томонидан қопланади.
“Меҳмонхонадан чиқиши режалаштирилган, бироқ мавжуд шароитлар туфайли буни амалга ошира олмаётган меҳмонларга қолиш муддатини дастлабки банд қилиш шартлари асосида узайтириш имконияти тақдим этилишини сўраймиз. Бундай вазиятда ҳеч бир меҳмоннинг чиқариб юборилмаслиги ўта муҳим”, дейилади ДИТ хатида.
Амирликлар бўйича ягона тартиб
Абу Даби ва Рас ал-Хайма расмийлари меҳмонхоналарнинг жойлаштириш харажатларини қоплашга тайёр эканини аллақачон тасдиқлаган эди. Аэропортлар ёпилишининг дастлабки кунларида Дубай ва Шаржада туристларга муддатни бепул узайтириш рад этилган.
Оқибатда туроператорлар ўз мижозлари учун турар жой вариантларини мустақил қидиришга мажбур бўлган эди. Эндиликда Дубайнинг расмий буйруғи барча амирликларда қоидаларни ягона тартибга келтирди.
Маълумот ўрнида, АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши олиб бораётган ҳарбий операциялари сабаб, 28 февраль кунидан бери Яқин Шарқда 3000 дан ортиқ рейс бекор қилинган.








