Daryo

Яқин Шарқда 3 мингдан ортиқ авиарейс бекор қилинди

АҚШ-Исроил ва Эрон ўртасидаги уруш ортидан минтақанинг аксар давлатлари ўз ҳаво ҳудудини ёпган. Шу боисдан кўплаб рейслар Саудия Арабистони устидан учмоқда. Бу парвоз вақтини узайтириб, ёнилғи сарфини оширмоқда. Оқибатда чипталар нархи ошиши прогноз қилинди.

2 дақиқа ўқиш3 332 кўришлар0 изоҳ3

АҚШ ва Исроилнинг Эронга берган зарбалари Яқин Шарқ давлатлари ҳаво ҳудудининг оммавий ёпилишига сабаб бўлди. Уч мингдан ортиқ рейс бекор қилинди ёки йўналишини ўзгартирди, бу эса йирик халқаро транспорт коридорлари фаолиятини фалаж қилиб қўйди.

Етти йирик аэропорт фаолияти тўхтади

Парвозларнинг бекор қилиниши Яқин Шарқдаги етти йирик аэропортга, жумладан, БААнинг Дубай ва Абу-Даби, Қатарнинг Доҳа ҳамда Баҳрайннинг Манама шаҳарларидаги ҳаво бандаргоҳларига таъсир кўрсатди.

  • Emirates авиакомпанияси 2 март куни соат 15:00 га қадар Дубайга ва Дубайдан барча парвозларни вақтинча тўхтатди.
  • Qatar Airways Доҳа аэропортида фаолият камида 2 март тонгига қадар тўхтатилганини билдирди. Парвозлар фақат Қатарнинг фуқаро авиацияси хавфсизликка кафолат берганидан сўнг тикланади.
  • Саудия Арабистони ва БАА авиаташувчилари ҳам халқаро хавфсизлик стандартларидан келиб чиқиб, ўнлаб рейсларни бекор қилди.
  • Flydubai компанияси мижозларга сабр-тоқат учун миннатдорчилик билдириб, барча ресурслар йўловчилар хавфсизлигини таъминлашга қаратилганини маълум қилди.

Исроил ва бошқа давлатлар: Осмон бўшаб қолди

1 март ҳолатига кўра, Исроил ҳаво ҳудуди ҳам ёпиқлигича қолмоқда. Эл Ал авиакомпанияси чет элда қолиб кетган исроилликларни олиб келиш учун махсус режа тайёрлаётганини билдирди.

Шанба, 28 февраль куни Исроил, Қатар, Сурия, Эрон, Ироқ, Кувайт ва Баҳрайн ўз ҳаво ҳудудларини ёпганидан сўнг, минглаб йўловчилар аэропортларда қолиб кетди ёки самолётлар бошқа давлатларга йўналтирилди. FlightRadar24 хизмати БАА осмонида бирорта ҳам фуқаро самолёти қолмаганини қайд этди.

Аэропортларга ҳужум ва талафотлар

БАА ҳукумати 28 февраль куни Эрон томонидан баллистик ракеталар билан амалга оширилган “очиқдан очиқ ҳужумлар”ни қоралади. Сабаби Дубай халқаро аэропортида тўрт киши жароҳатланди.

Абу Дабининг Заед халқаро аэропортида эса дрон ҳужуми оқибатида бир киши ҳалок бўлди, етти киши жароҳатланди. Шунингдек, Кувайт халқаро аэропортига ҳам зарбалар берилгани хабар қилинмоқда.

Гарчи Теҳрон бу ҳужумлар учун жавобгарликни расман зиммасига олмаган бўлса-да, Форс кўрфази давлатлари буни Эроннинг жавоб зарбалари деб баҳоламоқда.

Йўловчиларни нималар кутмоқда?

Авиация таҳлилчиларининг фикрича, рейслардаги узилишлар яқин кунларда ҳам давом этади. Самолётлар уруш ҳудудларини айланиб ўтиш учун Саудия Арабистони устидан учмоқда. Бу парвоз вақтини узайтириб, ёнилғи сарфини оширади. Шу боисдан чипталар нархи ошиши кутилмоқда.

Экспертлар ушбу инқироз қанча давом этишини прогноз қилишга қийналмоқда. АҚШ президенти Дональд Трамп Теҳрон расмийлари музокара ўтказишни сўраганини таъкидлади. Аммо бу қанча муддат ичида содир бўлиши номаълум. 2025 йил июнь ойида Исроил ва АҚШнинг Эронга ҳужуми 12 кун давом этган эди.

Мирзаева Дилафрўз Сафар қизи. 1999 йилда Тошкент вилоятида таваллуд топган. Миллати — ўзбек. 2024 йилда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг Синхрон таржима йўналиши магистр босқичини тамомлаган.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар