Ўзбекистон дунёнинг 150 та давлати ичида хавфсизлик бўйича 23-ўринни эгаллади. Numbeo портали 2026 йилги тегишли индексни эълон қилди.
Ушбу рейтинг веб сайт фойдаланувчилари ўртасида ўтказилган сўровномалар асосида шакллантирилган. 2025 йилда Ўзбекистон 148 та давлат ичида 25-поғонада қайд этилган эди. Янги рейтингда мамлакат ўз кўрсаткичини 2 поғонага яхшилади.
Энг хавфсиз давлатлар ўнлигига БАА, Қатар, Андорра, Тайван, Макао, Уммон, Мен ороли, Гонконг, Арманистон ва Баҳрайн киритилди. Марказий Осиё давлатлари орасида Қозоғистон 76-ўрин, Қирғизистон 101-ўринни эгаллади. Тожикистон ва Туркманистон эса рейтингга киритилмаган.
Эътиборли жиҳати Ўзбекистон хавфсизлик даражаси бўйича Чехия (25), Финляндия (26), Швейцария (27), Австрия (28), Германия (52), Италия (85-ўрин) ва АҚШ (94) каби давлатлардан юқорида турибди.
Шунингдек, рейтингда Исроил 35-ўрин, Россия 51-ўрин, Украина 82-ўрин ва Эрон 100-ўринни қайд этган. Дунёнинг энг хавфли давлатлари сифатида Афғонистон, Гаити, Венесуэла ва Папуа Янги Гвинея (охирги ўрин) кўрсатилган.








