Daryo

Instagram ўсмирлар суиқасд ҳақида маълумот қидирса, ота-оналарни огоҳлантиради

Янгилик дастлаб тўрт давлатда амалиётга татбиқ этилади. Йил якунига қадар бошқа минтақаларда ҳам жорий этилиши режалаштирилган.

2 дақиқа ўқиш4 658 кўришлар0 изоҳ1

Меtа компаниясига тегишли Instagram ижтимоий тармоғи ўсмир ёшдаги фойдаланувчилар ўз жонига қасд қилиш ёки ўзига зарар етказиш билан боғлиқ контентни қидирса, бу ҳақда уларнинг ота-оналарига хабар бериш тизимини жорий қилмоқда. Бу ҳақда компания баёнотига таяниб, CBS News хабар беради.

Хавфсизлик функцияси қандай ишлайди?

Келаси ҳафтадан бошлаб Instagram’нинг “назорат воситалари”дан фойдаланадиган ота-оналар фарзандлари қисқа вақт ичида ўзига зарар етказишга оид атамаларни қайта-қайта қидирса, махсус билдиришнома олади. Огоҳлантириш хабари электрон почта, SMS, WhatsApp ёки илованинг ўзидаги билдиришнома орқали юборилади.

Компаниянинг таъкидлашича, хабарда нафақат қидирув ҳақидаги маълумот, балки руҳий саломатлик бўйича нозик суҳбатларни қандай ташкил этиш борасида фойдали контент ҳам тақдим этилади.

“Ўсмирларнинг аксарияти Instagram’да ўз жонига қасд қилишга оид контентни қидирмайди. Агарда шундай ҳолат кузатилса, бизнинг сиёсатимиз бундай қидирувларни блоклаш ва фойдаланувчини ёрдам кўрсатувчи хизматлар ҳамда ишонч телефонларига йўналтиришдан иборат”, дейилади Меtа хабарида.

Ҳозирча ота-онага хабар юборилиши учун неча марта қидирув амалга оширилиши кераклиги очиқланмади. Компания фақатгина “эҳтиёткорлик чораси сифатида қисқа вақт ичида бир неча бор уриниш” кифоя қилишини билдирди.

Янги хавфсизлик тизими дастлаб АҚШ, Буюк Британия, Австралия ва Канадада ишга тушади. Йил якунига қадар эса бошқа минтақаларда ҳам жорий этилиши режалаштирилган.

Маълумот ўрнида, 2025 йилнинг октябрь ойида Меtа 18 ёшга тўлмаган фойдаланувчилар учун “алкоголь” ёки “қонли шафқатсизлик” (gorе) каби атамаларни қидиришни чеклаб қўйган эди. Шунингдек, ўсмирлар учун ўз жонига қасд қилиш ва 
ҳаддан ташқари овқатни чеклаш ёки аксинча пайдо бўладиган психологик бузилишлар б
илан боғлиқ қидирув натижалари аллақачон ёпиб қўйилган.

Суд жараёни ва ёшни тасдиқлаш муаммоси

Ушбу янги функциялар Лос-Анжелесда Меtа ва YouTube устидан давом этаётган суд жараёнлари фонида жорий этилмоқда. Компаниялар ўсмирларда ижтимоий тармоқларга қарамликни атайлаб шакллантиришда айбланмоқда.

Ўтган ҳафтада Меtа раҳбари Марк Цукерберг Instagram’нинг ёш фойдаланувчилари борасида сўроқ қилинган эди. Instagram қоидаларига кўра, фойдаланувчи камида 13 ёшда бўлиши керак, бироқ Цукерберг судда ўсмирлар ёшини кўпинча яширишини ва буни назорат қилиш қийинлигини тан олди. Ҳозирда ёшни текшириш учун Instagram туғилган кун маълумотлари, шахсни тасдиқловчи ҳужжат ва видео-селфи талаб қилмоқда.

Аввалроқ Instagram эндиликда видеоларни телевизор орқали ҳам кўриш имконини бераётгани ҳақида хабар қилинган эди. Платформа АҚШда Google TV қурилмалари учун мўлжалланган махсус TV иловасини ишга туширди.

Мирзаева Дилафрўз Сафар қизи. 1999 йилда Тошкент вилоятида таваллуд топган. Миллати — ўзбек. 2024 йилда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг Синхрон таржима йўналиши магистр босқичини тамомлаган.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар