АҚШ президенти Дональд Трамп 24 февраль куни Эрон Қўшма Штатларга зарба беришга қодир ракеталарни ишлаб чиқишга интилаётганини даъво қилди. Шунингдек, у Теҳронни 2025 йилда Америка зарбалари нишонига айланган ядровий дастурни қайта тиклашга уринаётганликда айблади. Бу ҳақда Euronews хабар берди.
Трамп ўзининг Конгрессга йўллаган йиллик мурожаатномаси чоғида Эроннинг ракета салоҳияти ҳақида тўхталиб ўтди.
“Улар аллақачон Европа ва бизнинг хориждаги базаларимизга таҳдид сола оладиган ракеталарни ишлаб чиқиб бўлди. Энди эса яқин орада АҚШга етиб борадиган ракеталар устида ишламоқда”, деди Трамп.
АҚШ разведкаси маълумотларига кўра, Эрон бундай ракеталарни ишлаб чиқиш учун яна камида ўн йил вақт сарфлаши керак. Мудофаа разведка бошқармасининг январь ойидаги ҳисоботида айтилишича, агар Теҳрон шу йўналишда давом этса, 2035 йилга бориб 60 та қитъалараро баллистик ракетага эга бўлиши мумкин. Ҳозирча Эрон бундай қуролга эга эмаслиги қайд этилган.
“Уйдирма”
Эрон Ташқи ишлар вазирлиги 25 февраль куни, Женевадаги ядровий музокараларнинг учинчи раунди бошланишидан бир неча соат олдин Трампнинг иддаоларини рад этди. Вазирлик вакили Исмоил Бақаий X (Twitter) платформасида бу айбловларни “уйдирма” деб атади.
“Эроннинг ядровий дастури, баллистик ракеталари ва январь ойидаги тартибсизликлар қурбонлари сони бўйича билдирилган барча даъволар навбатдаги уйдирмадир”, деди у.
Ядровий дастур ва ҳарбий зарбалар
Трамп, шунингдек, 2025 йил июнь ойида АҚШ ва Исроил зарбалари оқибатида вайрон қилинган ядровий иншоотлар қайтадан ишга туширилаётганини таъкидлади.
Уларга қурол-яроғ, хусусан, ядровий қурол дастурини қайта тиклаш бўйича огоҳлантириш берилган эди, бироқ улар ҳаммасини бошидан бошлашда давом этмоқда, деди президент ва Эроннинг ҳаракатларини “машъум ядровий амбициялар” деб атади.
Эрон эса ядро технологиясидан фақат тинч мақсадларда фойдаланишга ҳақли эканини айтиб келади.
Намойишлар қурбонлари бўйича қарама-қарши рақамлар
Трамп ўз нутқида 2025 йил декабрь ойида бошланиб, 2026 йил 8-9 январь кунлари авжига чиққан намойишлар пайтида Эрон ҳукумати 32 000 кишини ўлдирганини иддао қилди. Эрон ҳукумати эса 21 январь куни тартибсизликларда 3 117 киши (фуқаролар ва хавфсизлик кучлари) ҳалок бўлганини ва бу ўлимларда АҚШ ҳамда Исроил қўллаган “террорчилик ҳаракатлари” айбдорлигини маълум қилганди.
Бироқ бошқа манбалар рақамлари анча юқори. Жумладан:
- ҲРАНА (Ҳуқуқ фаоллари ахборот агентлиги) 7 000 дан ортиқ ўлимни тасдиқлаган, яна 12 000 таси текширилмоқда.
- БМТ махсус маърузачиси Май Сатога кўра, қурбонлар сони 20 000 дан ошган бўлиши мумкин.
- Euronews манбалари эса ўлим ҳолатлари 30 000 дан ошганини қайд этди.
Январь ойида Эронда интернет бутунлай ўчириб қўйилгани сабабли аниқ рақамларни тасдиқлаш имконсиз бўлиб қолмоқда.
Ҳарбий босим остидаги музокаралар
Ушбу баёнотлар Женевада Уммон воситачилигида ўтадиган музокаралар арафасида янгради. Музокараларда АҚШ вакиллари Стив Виткофф ва Жаред Кушнер иштирок этмоқда.
Биз улар билан музокаралар олиб боряпмиз. Улар келишувни хоҳлайди, лекин биз ҳали ўша сўзларни — “Бизда ҳеч қачон ядровий қурол бўлмайди” деган гапни эшитмадик”, деди Трамп.
Вашингтон Эроннинг уранни бойитишини нолга туширишни, ракета дастурини тўхтатишни ва минтақадаги гуруҳларни қўллаб-қувватлашдан воз кечишини талаб қилмоқда. Айни пайтда Трамп Яқин Шарққа иккита авиаташувчи, ўнлаб ҳарбий кемалар ва қирувчи самолётларни жойлаштирган.
Эрон парламенти спикери Муҳаммад Бағэр Галибаф 25 февраль куни Теҳрон музокаралар столида қолишини, бироқ Вашингтон яна ҳарбий куч ишлатса, муносиб жавоб беришини маълум қилди:
Агар сиз дипломатияни танласангиз — биз музокаралар столида қоламиз. Аммо бомбардимон қилишни режалаштирган бўлсангиз, Эрон халқи ва мудофаа кучларининг кучли зарбасини яна бир бор тaтиб кўрасиз.








