Норвегиянинг “Будё-Глимт” жамоаси УЕФА Чемпионлар Лигасининг 2025/2026 йилги мавсуми плей-офф босқичи доирасида Италиянинг “Интер” клубини икки ўйин натижасига кўра 5:2 (3:1, 2:1) ҳисобида мағлуб этди. Шу тариқа, “Будё-Глимт” ХХI асрда Европанинг энг нуфузли турнирида кучли бешликка кирмайдиган чемпионатлар клублари орасида ўзига хос натижани қайд этди.
Opta Спорт статистик порталининг хабар беришича, “Будё-Глимт” Европанинг бешта етакчи лигасидан ташқаридаги клублар орасида Европа Чемпионлар Кубоги ёки УЕФА Чемпионлар Лигаси доирасида топ-лигалар (Англия, Испания, Германия, Италия ва Франция) вакиллари устидан кетма-кет тўртта ғалабага эришган илк жамоа бўлди. Бундай натижани охирги марта 1971/1972 йилги мавсумда Нидерландиянинг “Аякс” клуби қайд этган эди. Ўшанда “Аякс” Европа Чемпионлар Кубогини қўлга киритган.
Норвегия клубининг ғалабали серияси:
- “Интер” (Италия) — 2 та ғалаба (3:1 ва 2:1, плей-офф);
- “Манчестер Сити” (Англия) — 1 та ғалаба (3:1, умумий босқичнинг 7-тури);
- “Атлетико” (Испания) — 1 та ғалаба (2:1, умумий босқичнинг 8-тури).
“Интер” устидан қозонилган ғалабадан сўнг жамоа бош мураббийи Хетил Кнуцен жамоасининг Чемпионлар Лигаси 1/8 финалига чиққани борасидаги фикрлари билан ўртоқлашди:
“Биринчи бўлимда бир оз ҳаяжонландик, ҳимояда барчаси жойида эди, бироқ тўпга эгалик қилишда журъат етишмади, ундан тезроқ қутулишга уриндик. Иккинчи бўлимда эса назоратни қўлга олдик. Иккинчи голимиз — шунчаки фантастика. Энг керакли паллада жипслашиб, кучимизни тўплай олиш бизнинг услубимизга айланди. Келажакдаги мақсадлар ҳақида эса ҳозирча гапирмаймиз”, деди Кнуцен.
Маълумот учун, “Будё-Глимт” 1/8 финал босқичида “Манчестер Сити” ва “Спортинг” жамоалари жуфтлиги ғолибига қарши баҳс олиб боради.








