Daryo

АҚШ Венесуэла нефтини Кубага сотишга рухсат берди

Хом ашё хусусий сектор ёки тўғридан тўғри жисмоний шахсларга сотилиши таъкидланди. Гавана ҳукумати эса бундан мустасно.

1 дақиқа ўқиш8 249 кўришлар0 изоҳ3

Венесуэла нефти яқин орада яна Куба йўналишида оқишни бошлайди, бироқ бу сафар ҳукумат учун эмас. АҚШ президенти Дональд Трамп маъмурияти Венесуэла нефтини Куба давлат секторидан тўсиб қўяётган бир пайтда, Америка компанияларига ушбу хом ашёни оролнинг хусусий секторига қайта сотишга рухсат берди.

Янги тартиб ва лицензиялаш

Чоршанба, 25 февраль куни АҚШ Молия вазирлигининг Хорижий активларни назорат қилиш бошқармаси янги йўриқномани эълон қилди. Унга кўра, Америка компаниялари Венесуэла нефтини Кубада фойдаланиш учун қайта сотиш бўйича лицензия сўраб мурожаат қилса, ушбу аризалар ижобий кўриб чиқилади.

Ушбу имтиёзли лицензиялаш сиёсати Куба халқини, хусусан, хусусий секторни қўллаб-қувватлайдиган транзаксияларга (масалан, Кубадаги тижорат ва гуманитар мақсадлар учун экспорт) йўналтирилган, дейилади бошқарма хабарида.

Кимларга сотиш мумкин ва кимларга тақиқланган?

АҚШ Савдо вазирлиги томонидан кенгайтирилган кўрсатмаларга кўра, нефть қуйидаги мақсадлар учун етказиб берилиши мумкин:

  • хусусий секторнинг иқтисодий фаолияти учун;
  • шахсий ёки оилавий фойдаланиш учун тўғридан тўғри жисмоний шахсларга.

Бунда ҳукуматнинг махсус рухсати талаб этилмайди. Бироқ Молия ва Савдо вазирликлари қатъий тақиқларни ҳам белгилаб қўйди. Унга кўра, нефтни Куба ҳукумати ёки ҳарбийларига сотиш мумкин эмас. Шунингдек, давлат департаментининг санкция рўйхатига тушган, Куба ҳарбийлари томонидан бошқариладиган меҳмонхоналар манфаатларига хизмат қилувчи савдолар тақиқланади.

Гуманитар инқироз ва сиёсий парадокс

Эътиборли жиҳати шундаки, АҚШнинг хусусий корхоналарига нефть ва газ экспорт қилиш учун лицензия талаб қилинмайди, аммо Венесуэла нефтини қайта сотиш учун барибир махсус рухсатнома олиш шарт.

Экспертларнинг фикрича, бу вазият ўзига хос парадоксни келтириб чиқармоқда: Трамп маъмурияти Венесуэла нефтининг Куба ҳукуматига етказиб берилишини блоклаб, оролда энергетик ва гуманитар инқирознинг кучайишига сабаб бўлаётган бир пайтда, айни ўша нефтнинг хусусий секторга экспорт қилиниши учун эшик очиб берилмоқда.

Мирзаева Дилафрўз Сафар қизи. 1999 йилда Тошкент вилоятида таваллуд топган. Миллати — ўзбек. 2024 йилда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг Синхрон таржима йўналиши магистр босқичини тамомлаган.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар