АҚШ президенти Дональд Трамп 3 март куни куни Европа Иттифоқи ва НАТО бўйича иттифоқчиси бўлган Испанияга нисбатан тўлиқ савдо эмбаргоси жорий этиш билан таҳдид қилди. Бунга Мадриднинг Эронга берилаётган зарбалар билан боғлиқ миссиялар учун ўз ҳудудидаги ҳарбий базалардан фойдаланишга рухсат бермагани сабаб бўлди.
Германия канцлери Фридрих Мерц билан учрашув чоғида Трамп журналистларга Испания ҳукумати АҚШ манфаатларига зид иш тутаётганини маълум қилди. У Молия вазирлиги котиби Скотт Бессентга Испания билан барча алоқаларни узиш ҳақида топшириқ берганини айтди.
“Испания ўзини даҳшатли тутди. Биз улар билан барча савдо алоқаларини тўхтатмоқчимиз. Испания билан ҳеч қандай алоқада бўлишни истамаймиз. Бизга керак бўлган ҳеч нарса Испанияда йўқ”, дея таъкидлади Трамп.
Испаниядаги социалистик ҳукумат АҚШга Эронга ҳужум қилиш учун ўз базаларидан фойдаланишни тақиқлаганидан сўнг, Вашингтон мамлакат жанубидаги Рота ва Морон базаларидан 15 та учиш аппаратини, жумладан, ёнилғи қуювчи самолётларни олиб чиқиб кетишга мажбур бўлди.
Трамп ўзининг эмбарго жорий этиш ҳуқуқи борлигини эслатиб ўтди:
“Испания билан боғлиқ барча бизнесни тўхтатиш ҳуқуқига эгаман. Ўтган ой (январь) Олий суд менинг кенг кўламли божларимни ноқонуний деб топган бўлса-да, эмбарго ва халқаро фавқулодда иқтисодий чоралар бўйича ваколатларим ўз кучида”.
Германия канцлери Фридрих Мерц Трампга Испанияни Брюссел ва Вашингтон ўртасидаги савдо келишувидан чиқариб ташлаш имконсизлигини тушунтирганини билдирди.
“Испания Европа Иттифоқи аъзоси ва биз АҚШ билан божлар бўйичагина биргаликда музокара олиб борамиз. Испанияга нисбатан алоҳида ёмон муносабатда бўлишнинг имкони йўқ”, деди Мерц.
Шунга қарамай, АҚШ Савдо вакили Жеймисон Грир миллий ва иқтисодий хавфсизликни таъминлаш учун зарур бўлса, Испанияга нисбатан санкциялар қўллашга тайёрлигини билдирди. Котиб Бессент эса “Халқаро фавқулодда иқтисодий ваколатлар тўғрисида”ги қонун доирасида президентнинг ваколатлари сақланиб қолишини тасдиқлади.
Испания ҳукумати расмий баёнот билан чиқиб, АҚШни халқаро ҳуқуқ, хусусий бизнес автономияси ва икки томонлама савдо келишувларига амал қилишга чақирди. Мадрид потенциал эмбаргонинг иқтисодиётга таъсирини юмшатиш учун етарли ресурсларга эга эканини, бироқ ҳамкорлик ва эркин савдо тарафдори бўлиб қолишини билдирди.
Испания дунёдаги энг йирик зайтун мойи экспортчиси бўлиб, АҚШга шунингдек, автомобиль эҳтиёт қисмлари, пўлат ва кимёвий маҳсулотлар етказиб беради. Бироқ, статистик маълумотлар шуни кўрсатадики, Испания иқтисодий жазо чоралари олдида бошқа Европа давлатларига қараганда унчалик заиф эмас:
АҚШ 2025-йилда Испания билан савдода кетма-кет тўртинчи йил профицитга эга бўлди (АҚШ экспорти — 26,1 млрд доллар, импорти — 21,3 млрд доллар). Бундан ташқари, сўнгги йилларда АҚШдан Испанияга хом нефть ва суюлтирилган табиий газ экспорти сезиларли даражада ошган.








