Англиянинг “Манчестер Юнайтед” клуби “Интер”нинг чап қанот ҳимоячиси Федерико Димаркони ўз сафига қўшиб олиш вариантини кўриб чиқмоқда. Tuttosport нашри тарқатган маълумотларга кўра, манкунианликлар вакиллари 14 февраль, шанба куни Италия А Сериясининг 25-тури доирасидаги “Ювентус”га қарши кечадиган марказий баҳсда 28 ёшли футболчининг ҳаракатларини бевосита кузатиб боришади.
Гарчи инглиз клуби томонидан жиддий қизиқиш бўлаётган бўлса-да, миланликлар ўз етакчисини қўйиб юбориш ниятида эмас. “Нерадзуррилар” раҳбарияти италиялик ҳимоячи билан амалдаги шартномани 2030 йилга қадар узайтириш бўйича ҳаракатларни бошлаб юборган ва томонлар янги битим шартларини аллақачон келишиб олгани айтилмоқда.
“Манчестер Юнайтед” эса ушбу трансфер орқали чап қанот ҳимоясидаги муаммоларни ҳал этишни кўзлаган бўлса-да, “Интер”нинг қатъий позицияси музокараларни мураккаблаштириши мумкин.
Федерико Димарко жорий мавсум ўзининг сермаҳсул ўйинлари билан кўплаб гранд жамоалар эътиборини тортмоқда. У барча турнирлар доирасида жами 31 та учрашувда майдонга тушиб, ўз ҳисобига 6 та гол ва 13 та голли узатма ёздириб қўйган. Футболчининг миланликлар билан амалдаги шартномаси 2027 йил ёзига қадар мўлжалланган. Transfermarkt портали унинг қийматини 50 миллион еврога баҳоламоқда.








