Каталониянинг “Барселона” клуби “Манчестер Юнайтед”дан ижарага олинган Маркус Рэшфордни жамоада сақлаб қолиш устида иш олиб бормоқда. Инсайдер Бен Жейкобснинг маълум қилишича, январь ойида клублар ўртасида учрашув бўлиб ўтган ва унда англиялик футболчининг келажаги муҳокама қилинган.
Манбага кўра, “Барселона” шартномада кўрсатилган 30 миллион евролик сотиб олиш бандини фаоллаштиришни истамаяпти. Бунинг ўрнига каталонияликлар “Манчестер Юнайтед”га камроқ сумма таклиф қилган. Шунингдек, футболчини мажбурий сотиб олиш шарти билан яна бир мавсумга ижарага олиш варианти ҳам кўриб чиқилган.
Қайд этилишича, Рэшфорднинг ўзи ҳам “Камп Ноу”да қолишни хоҳламоқда. “Барселона” раҳбарияти эса уни жамоада сақлаб қолиш ниятида. Томонлар ўртасидаги музокаралар мавсум охирига яқин яна давом этиши кутилмоқда.
Рэшфорднинг каталонияликлар билан шартномаси 2026-йилнинг ёзида якунланади. Агар каталонияликлар сотиб олиш бандини фаоллаштирмаса, улар “Манчестер Юнайтед”га 5 миллион евро миқдорида компенсация тўлаши керак бўлади. Тўлиқ трансфер амалга оширилган тақдирда, “Барселона” футболчини 30–35 миллион евро атрофидаги суммага сотиб олиши зарур.
Маълумот учун, Рэшфорд “кўк-анорранглилар” таркибида ҳозирга қадар жами 27 та учрашувда майдонга тушиб, ўз ҳисобига 7 та гол ва 11 та голли узатма ёздириб қўйган. Transfermarkt портали футболчининг қийматини 40 миллион еврога баҳоламоқда.








