Англия Премьер Лигаси 25-туридан ўрин олган “Ливерпуль” ҳамда “Манчестер Сити” ўртасидаги баҳс якунига етди. Ливерпуль шаҳридаги “Энфилд” стадионида кечган учрашувда “шаҳарликлар” 2:1 ҳисобида ғалаба қозонди.
Учрашув тенг курашлар остида бошланди. Ҳар икки жамоа вақти-вақти билан рақиб дарвозаси олдида хавфли вазиятлар яратди. Шунга қарамай, биринчи бўлимда ҳисоб очилмади.
Иккинчи бўлим майдон эгаларининг устунлиги остида бошланди. “Ливерпуль” сафида Уго Экитике ва Муҳаммад Салоҳ рақиб дарвозасини ишғол этишга ҳаракат қилди, аммо дарвозабон ишончли ҳаракат қилди. 61-дақиқада “Манчестер Сити” ҳимоячиси, ўзбекистонлик футболчи Абдуқодир Ҳусанов дарвозабон Жанлуижжи Доннарумма билан тўқнашувда жароҳат олди. “Шаҳарликлар” бош мураббийи Пеп Гвардиола таваккал қилишни истамай, ҳимоячини Рубен Диаш билан алмаштирди.
Орадан кўп ўтмай, “Ливерпуль” ҳисобни очди. Доминик Собослаи аниқ зарбаси билан “Манчестер Сити” дарвозасини ишғол этиб, жамоасини олдинга олиб чиқди. Бироқ учрашув сўнгига яқин меҳмонлар жавоб голини урди. 84-дақиқада Эрлинг Ҳоланднинг узатмасидан кейин Бернарду Сильва Алиссон посбонлик қилаётган дарвозани аниқ зарба билан ишғол қилди. 90+3-дақиқада “Манчестер Сити” ғалабани илиб кетди. Ҳакам томонидан белгиланган жарима зарбасини Эрлинг Ҳоланд аниқ амалга ошириб, жамоасига муҳим уч очко тақдим этди.
Шу тариқа, “Манчестер Сити” Англия Премьер Лигасининг марказий баҳсларидан бирида 2:1 ҳисобида ғалаба қозонди. Айни пайтда Пеп Гвардиола жамоаси 50 очко билан 2-поғонани эгаллаб турибди. Жамоа етакчи “Арсенал”дан 6 очкога ортда қолмоқда. Мағлуб бўлган “Ливерпуль” эса 39 очко билан 6-ўриндан жой олган.
Англия Премьер Лигаси
25-тур
“Ливерпуль” — “Манчестер Сити” 1:2
Голлар: 1:0 — Собослаи (74), 1:1 — Сильва (84), 1:2 — Ҳоланд (90+4, пенальти)








