Daryo

Жаҳон юлдузларининг ақл бовар қилмас даражада қимматбаҳо уйлари (фото)

Гольф афсонаси Тайгер Вудс ўз эҳтиёжларига мос равишда оддий уй эмас, балки тўлақонли спорт мажмуасини барпо этган. Унда гольф майдони, баскетбол майдони, теннис корти, 30 метрли бассейн, спа-салон ва яхталар тўхташи учун махсус жойлар мавжуд.

3 дақиқа ўқиш28 154 кўришлар0 изоҳ37

Машҳурлар ҳаёти доимо жамоатчилик эътиборида. Кимдир папарацилардан яшириниш учун меҳмонхоналарда яшашни танласа, бошқалар шахсий ҳаёт осойишталиги ва қулайлиги учун улкан маблағ сарфлашга тайёр. Шоу-бизнес оламида кимнидир ажаблантириш қийин, аммо айрим машҳурларнинг турар жойлари ҳатто кўпни кўрган мухлисларни ҳам ҳайратга солади.

Девид ва Виктория Бекҳэм : шаршарали ҳовли ва шахсий яхта

Фото: People

Девид ва Виктория Бекҳэм 2025-йилда Жанубий Калифорнияда жойлашган янги ҳашаматли кошонани харид қилгани ҳақида маълум қилди.

1300 квадрат метрдан ортиқ майдонни эгаллаган бу мажмуа тўққизта ётоқхона, спа-марказ, замонавий спорт зали ва шахсий яхта тўхташ жойига эга. Ҳовлисида бир нечта бассейнлар ва шаршара жойлашган бўлса, уй ичкарисида шахсий кинотеатр, иш кабинети, кенг ошхона ва меҳмонлар учун зал мавжуд. Панорамали деразалар орқали очиладиган кўрфаз манзараси эса бу қароргоҳни янада бетакрор қилади. Бекҳэм лар ушбу уй учун 70 миллион доллардан ортиқ маблағ сарфлаган.

Тейлор Свифт: океан бўйидаги қалъа ва хусусий пляж

Фото: Page Six

Хонанда Тейлор Свифт ўзининг диди ва нозик эстетик қарашлари билан ажралиб туради. Қўшиқчи Атлантика океани соҳилида жойлашган, 1930-йилларда қурилган тарихий уй эгаси. Қалъага ўхшаш бу хонадон 1020 квадрат метр майдонга эга бўлиб, Тейлорга 17 миллион долларга тушган.

Уй ичида бир оз сокин ва қоронғи муҳит ҳукм сурса-да, бу жой ниҳоятда шинам. Саккизта ётоқхонанинг ҳар бирида камин мавжуд, шунингдек, ўнта ҳаммом ва шахсий овоз ёзиш студияси ҳам бор. Уйга хусусий пляж зонаси бириктирилган.

Бейонсе ва Jay-Z: санъат ва минимализм уйғунлашган улкан сарой

Фото: Page Six

Агар ҳашамат ҳақида гап кетадиган бўлса, Бейонсе ва Jay-Z жуфтлигини ёдга олиш мумкин. Улар Malibu ҳудудида жойлашган, қиймати 200 миллион долларга баҳоланган кошонани сотиб олиб, Калифорниядаги энг қимматбаҳо хонадон эгаларига айланди.

Ушбу бино машҳур япон архитектори Тадао Андо томонидан лойиҳалаштирилган бўлиб, ёруғликнинг кўплиги ва минимализм услуби билан ажралиб туради. Қароргоҳнинг умумий майдони 3700 квадрат метрга яқин. Панорамали деразалар орқали Тинч океанининг гўзал манзараси очилади. Уйда алоҳида санъат галереяси ҳам мавжуд. Эр-хотиннинг коллекциясида Энди Уорхол каби машҳур рассомларнинг асл асарлари бор.

Тайгер Вудс: оролда жойлашган қаср ва шахсий спорт шаҳарчаси

Фото: Legion Media

Гольф афсонаси Тайгер Вудс ўз эҳтиёжларига мос равишда оддий уй эмас, балки тўлақонли спорт мажмуасини барпо этган. Флорида штатидаги Юпитер оролида жойлашган бу қароргоҳ профессионал спортчи ҳаётига мослаштирилган.

Ҳовлисида махсус гольф майдони мавжуд. Бундан ташқари, баскетбол майдони, теннис корти, 30 метрли бассейн, спа-салон ва яхталар тўхташи учун махсус жойлар мавжуд. Ушбу хонадон Тайгер Вудс учун спорт фаолиятини якунлаганидан кейин ҳам жисмоний формани сақлаш имконини берувчи шахсий спорт базасига айлантирилган. Турли манбаларга кўра, мулкнинг қиймати 70 миллион долларга етади. Эътиборлиси, Вудс бу уйини нолдан бошлаб барпо қилган.

Женнифер Энистон: ноодатий тарихга эга ҳашаматли уй

Фото: The Hollywood Reporter

Женнифер Энистоннинг уйи нафақат ҳашамати, балки ўзига хос тарихи билан ҳам эътиборни тортади. Бу қароргоҳ бир вақтлар актриса ва унинг собиқ турмуш ўртоғи Бред Питтга тегишли бўлган. Улар 2001-йилда уйни сотиб олиб, катта реконструкция ишларини амалга оширган.

Ажримдан сўнг уй сотилган бўлса-да, Женнифер Энистон кейинчалик бу қарордан афсусланганини яширмаган. Йиллар ўтиб, Питт Анжелина Жоли билан ажрашгач, собиқ рафиқасига кутилмаган совға тақдим этган ва шу уйни Женниферга 50 ёшга тўлиши муносабати билан ҳадя қилган.

Қиймати 79 миллион доллар бўлган бу кошона бешта ётоқхона, ўн учта ҳаммом, теннис корти ва улкан бассейнга эга.

Soliyeva Sevaraxon Akram qizi. 1996-yilda Toshkent shahrida tavallud topgan. Millati — o‘zbek. 2018-yilda O‘zbekiston davlat jahon tillari universitetining Tarjima nazariyasi va amaliyoti yo‘nalishi bakalavr bosqichini tamomlagan.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар