“Манчестер Юнайтед” клуби “Челси” ҳужумчиси Лиам Делап билан шартнома имзолаш имкониятини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда The Independent нашри хабар берди.
Манба маълумотларига кўра, 22 ёшли ҳужумчи “аристократлар” сафида фаолиятини давом эттириш қароридан афсусда. Бунга сабаб — “Челси”нинг таркибни мунтазам равишда янги ҳужумчилар билан кучайтириб бораётгани. “Манчестер Юнайтед” раҳбарияти эса Делап жамоанинг ўйин услубига мос келади, деб ҳисобламоқда.
Футболчи ўтган ёзда “Ипсвич” клубидан Лондон жамоаси сафига кўчиб ўтган эди.
Жорий мавсумда инглиз футболчиси барча мусобақаларда 18 та учрашувда майдонга тушиб, икки гол ва битта голли узатма муаллифига айланган. Унинг “Челси” билан амалдаги шартномаси 2031 йил ёзига қадар мўлжалланган. Transfermarkt портали маълумотларига кўра, Лиам Делапнинг бозор қиймати 35 миллион еврони ташкил этади.
Ҳозирда “аристократлар” АПЛ жорий мавсумида 34 очко билан 6-ўринни эгаллаб турибди. “Манчестер Юнайтед” эса 35 очко билан турнир жадвалининг 5-поғонасида бормоқда.








