Украинада Миллий коррупцияга қарши бюро Давлат чегара хизмати собиқ раҳбари Сергей Дейнеконинг уйида тинтув ўтказмоқда. Бу ҳақда “Украинская Правда” хабар берди.
Дейнеко сигарет контрабандаси иши доирасида гумонланувчи сифатида кўрилмоқда. Маълумотларга кўра, контрабанда маҳсулоти хорижий рақам ва дипломатик белгилар ўрнатилган автомобиллар орқали олиб ўтилган. Автомобилларда дипломатик паспортли шахслар бўлгани сабабли транспорт воситалари текширувдан ўтказилмаган.
Дейнеко ҳар бир автомобиль учун 3 минг евро олгани тахмин қилинмоқда. Биргина 2023 йил июль–ноябрь ойларида чегарачилар 68 та автомобильнинг тўсқинликсиз ўтиши эвазига камида 204 минг евро миқдорида ноқонуний даромад олган. Фаолиятни яшириш мақсадида гумонланувчилар Чехия ва Австрия ҳудудида рўйхатдан ўтган автомобильлардан фойдаланган.
Украина президенти Владимир Зеленский 4 январь куни Сергей Дейнекони Давлат чегара хизмати раҳбари лавозимидан озод этганди. Дейнеко ушбу лавозимни 2019 йил июнидан бери эгаллаб келган. У ҳозирда Ички ишлар вазирининг маслаҳатчиси сифатида фаолият юритмоқда.








