Аслида ҳаммаси қора туш (киприк бўёғи)дан бошланди. Шарлотта 13 ёшида уни биринчи марта киприкларига суртганда, атрофдагиларнинг унга муносабати ўзгарганини сезди: қиз янада жозибадор бўлиб қолди, натижада ўзига ишончи ортди. Пардоз-андоз аёлга қандай куч бахш этиши мумкинлигини англаган Шарлотта ўзини make-up санъатига бағишлашга аҳд қилди.
Бўлажак визажистнинг отаси рассом, онаси эса мода ва кино соҳасидаги продюсер бўлгани туфайли унинг ижодий табиатини намоён қилиш учун қулай шароит болалигиданоқ яратилганди. 13 ёшигача қизалоқ ота-онаси билан Ибицада яшаб, ижодкор ва таниқли инсонлар даврасида улғайди. Айнан ўша ерда Шарлотта машҳур визажист, малика Диананинг дугонаси Мери Гринвелл билан танишиш бахтига муяссар бўлди. Кейинчалик у Мерининг ёрдамчисига айланади.
Танланган соҳада муваффақиятга эришиш орзуси туфайли бўлажак тадбиркор тез орада Лондонга йўл олди. У ерда Англиянинг энг нуфузли пардоз мактабларидан бири — Glauca Rossi Makeupʼга ўқишга кириб, уни аъло баҳоларга тамомлади.
Ҳар қандай ижодий йўлнинг муҳим босқичи илҳом ва кенг дунёқараш ҳисобланади. Шарлотта ўзининг эстетик дидини ёшлигидан бошлаб ўтмишдаги машҳур актрисалар ҳақидаги китобларни ўқиш ва уларнинг суратларини кузатиш орқали шакллантирган. Улар орасида аёллик тимсоли бўлган классик кино юлдузлари ҳам бор эди.
Келажакдаги пардоз устаси фақат уларнинг таъсири билан чекланиб қолмаган: интервьюлардан бирида у Мадонна, Жизел ва Кейт Мосс сингари машҳурлар ҳам уни ўн хил пардоз услубини яратишга илҳомлантирганини айтади.“Одри Хепберн, Мерилин Монро, Элизабет Тейлор, Софи Лорен ва Марлен Дитрихнинг чеҳралари менга гўзалликни тушунишни ўргатди. Элен Рубинштейн, Коко Шанель ва Генри Селфриж каби шахсларнинг ибрати эса бу гўзалликни ўз қўлларим билан яратишга илҳомлантирди”.
Шарлоттанинг карьераси бошланиши шампан кўпиклари, ҳашамат ва жозиба билан белгиланди: 1990 йиллар супермоделлар даври бўлди, моделлар подиумларда юрувчи қизлардан катта гонорарлар оладиган ҳамда кино ва реклама соҳасида карьера қиладиган мода юлдузларига айланди. Бу давр ўзини истеъдодли пардозчи сифатида намоён қилиш учун энг қулай вақт бўлди ва Шарлотта Кейт Мосс, Наоми Кемпбелл, Клаудия Шиффер, Синди Кроуфорд ва Линда Евангелиста каби юлдузлар билан ишлаш орқали ўз қобилиятини кўрсатиб, бу имкониятни қўлдан чиқармади. Айнан ўша пайтда у мода оламидаги энг нуфузли фотографлардан бири — Марио Тестино билан ҳамкорлик қилишга муваффақ бўлди.
Ҳали 20 ёшга ҳам тўлмаган Шарлотта энг нуфузли мода журналлари, жумладан, Vanity Fair, шунингдек, Британия, Франция ва Италия Vogue билан ҳамкорлик қилгани билан мақтана оларди. Унинг бенуқсон пардози билан ярақлаб турган машҳур моделлар туширилган муқовалар унга ўзининг муаллифлик услуби — “Голливуд жилоси” эффектига эга ғуборсиз тери ва табиий кўринишдаги лаблар билан шуҳрат келтирди.
Шарлоттанинг профессионаллиги ва таниқлилик даражаси унга Helena Rubenstein, MAC, Armani ва Tom Ford каби йирик брендларнинг маҳсулотлари ва косметика линияларини ишлаб чиқишга раҳбарлик қилиш имконини берди. Tom Ford билан ишлаш эса унинг ўз брендини яратиш йўлидаги дастлабки қадами бўлди. 2011 йилда моделер ўзининг атир линиясини тўлақонли косметика брендига айлантирмоқчи бўлди ва бу ишга Шарлоттани жалб этди. Натижада у Tom Ford жамоаси билан ҳамкорликда ёрқин лаб бўёқлари ва тўрт хил рангдаги тен тўпламларини яратди.
Юқорида санаб ўтилганлардан ташқари, Шарлотта YouTube’да пайдо бўлган дастлабки визажистлардан бири сифатида танилди. У 2012 йилда ўз каналини очди ва бу канал келажакда унинг брендини тарғиб қилишнинг самарали воситасига айланди. Шарлотта видеоларида тери парвариши ва макияж қилиш бўйича маслаҳатлар беради, шунингдек, ўз бренди маҳсулотларини таҳлил қилади. Бир оз вақт ўтгач, тадбиркор тобора оммалашиб бораётган бошқа ижтимоий тармоқларда ҳам фаол бўла бошлади. Айнан унинг тўғри танланган маҳсулот тарқатиш стратегияси муваффақиятининг асосий омилларидан бирига айланди.
Гўзаллик бозори осмонида янги юлдуз
Шарлотта ҳар доим барча аёлларни гўзал деб ҳисоблаган, бироқ уларнинг ҳаммаси ҳам макияжнинг ғайриоддий кучидан фойдаланишни билмайди, деб ўйлайди. Унингча, бунинг сабаби “гўзалликни сотиш муҳити”да яширинган — гўзаллик мажбурлаб сингдирилмоқда. Косметика дўконлари жуда кенг танлов имкониятини тақдим этади, аммо ҳеч ким аёлларга муаммоларини ҳал қилиш учун айнан нималар кераклигини аниқлашда ёрдам бермайди.
Charlotte Tilbury бренди бозорга кириб келган пайтда, аллақачон Dior, Yves Saint Laurent, Estée Lauder каби кўплаб муносиб рақобатчилар мавжуд эди. Шарлотта бошқалардан фарқ қиладиган бренд яратишни кўзлаган ва бунга эришди.
“Мен аёлларни безатиш билан эмас, балки уларга ўзларини энг яхши томондан намоён этишлари ва ҳаётда истакларига эришишлари учун куч-қувват беришга интиламан. Менинг мақсадим аёлларда ўз шахсиятининг энг гўзал, ишончли ва жозибадор томонларини дунёга кўрсатиш учун хоҳиш уйғотишдир”, дейди Шарлотта.

У 2013 йилда ўзининг косметика брендини яратди. Ўша пайтда зич текстуралар ва ниқобни эслатувчи хира тусдаги оғир пардоз урф эди. Аммо бу визажист ялтироқ тонал кремлар, шаффоф лаб бўёқлари ва очиқ тенлар учун янги йўналишга асос солди. Унинг ғояси ҳар бир аёлнинг табиий гўзаллигини юзни “ҳаддан ташқари безатмасдан” таъкидлаш эди.
У ишлаб чиқарган биринчи маҳсулот хира ва чарчаган терини бир зумда янгилайдиган Magic Cream намлантирувчи креми бўлди. Бу восита ҳозирга қадар жуда машҳур бўлиб, бозорга чиққанида унинг биринчи партияси бир зумда сотилиб кетади.

Яна бир машҳур маҳсулот Pillow Talk лаб бўёғи бўлди. “Who what wеаr” сайтининг таъкидлашича, исталган машҳур шахс ҳақида ўйласак, у айнан шу лаб бўёғидан фойдалангани маълум бўлади — бу шунчалик универсал тусга айланган. Ўшандан бери бу янги марка жаҳон гўзаллик бозорида шов-шувга сабаб бўлди ва ҳозиргача энг машҳур косметика брендларидан бири бўлиб қолмоқда.
Ҳашаматли декоратив косметика ва сифатли парвариш бутун дунё аёлларининг қалбини забт этиш учун етарли деб ўйлаш мумкин, аммо Шарлотта бундан ҳам олға боришга қарор қилди ва 2024 йилда ўзига хос атирлар туркумини ишлаб чиқарди. Ушбу тўплам кимёгарлар, нейробиологлар ва машҳур атир ясовчилар ҳамкорлигида яратилган. Туркумда атиги олтита атир мавжуд бўлиб, уларнинг ҳар бири муайян ҳис ёки туйғуни ўзида мужассам этган. Чунки атир молекулалари нейронларга таъсир кўрсатиб, кайфиятни ўзгартиришга қодир.
Бундай муваффақиятнинг сабаби нимада?
Асосий сир шундаки, Шарлотта оддий косметикани эмас, балки ўзгариш ва ўзига ишонч ғоясини сотади. Унинг фикри аёл гўзаллигига бўлган нозик муносабати ва ҳурмати билан кишини мафтун этади. Тадбиркор ҳар бир аёлнинг ўзи гўзал эканлигини таъкидлайди ва шу билан бирга бу гўзалликни янада яхшироқ намоён этишга ҳамда косметика ёрдамида унинг кучини ҳис қилишга интилади.
Бундан ташқари, Шарлоттанинг ўзи ўз ғоясининг мукаммал тимсоли ҳисобланади. У ўзига ишонган, харизматик ва жозибадор аёл. У билан шахсан танишганлар унга маҳлиё бўлмасликнинг иложи йўқлигини таъкидлашади.
“Мени макияжнинг кучини бошқа аёллар билан баҳам кўриш истаги ҳаракатга ундайди. Гўзаллик фақат сайланганлар учун эмас. Хунук аёллар бўлмайди, шунчаки макияжнинг кучини тушунмайдиган ва ундан фойдаланишни билмайдиган аёллар бор”, дейди у.
Шарлоттанинг шахсияти унинг ғоят катта муваффақиятида муҳим рол ўйнаган. У билан ишлаган ёки шунчаки ҳаётда таниш бўлганлар унинг ғайритабиий харизмаси ва эҳтироси ҳақида гапиради. Бу хусусиятлари одамларни илҳомлантиради ва визажистга мафтун бўлмасликнинг иложи йўқ. Шарлотта пардоз кучи фалсафасининг мукаммал тимсоли ҳисобланади: у ўзига ишонган ва шу боис атрофдагиларни ўзига ром этади.
Шарлоттанинг ютуқларини Елизавета II ҳам эътироф этган: 2018 йилда у визажистга “Британия гўзаллик саноатига қўшган ҳиссаси учун” Британия империяси орденини шахсан топширди. Англия қироличаси ўзи ҳам Тилбурй пардоз маҳсулотларининг, айниқса, Matte Revolution чекланган туркумининг “Афсонавий қиролича” лаб бўёғининг мухлиси эди.
Ҳозирги кунда Charlotte Tilbury бренди бутун дунё гўзаллик соҳасида энг машҳур ва харидоргир брендлардан бирига айланган. Маҳсулотларнинг юқори сифати, ҳашаматли дизайни, Шарлоттанинг маҳорати ва ўзига хос фалсафаси туфайли бренд 12 йил давомида бозорда етакчи ўринлардан бирини эгаллаб келмоқда.








