Икки мингинчи йилларда ҳамма кремлардаги коллагенга муккасидан кетганди. Уни суртишар, мўъжизага ишониб, натижа кутишарди. Кейинроқ эса коллаген молекуласи терининг юқори қатламидан чуқурроққа синга олмаслиги маълум бўлди. Тахминан шундай ҳолат ўнинчи йилларнинг бошида пептидлар билан ҳам кузатилган эди: жозибали ваъдалар ва жуда баҳсли натижалар.
2026-йилда эса ПДРН (Полидезоксирибонуклеотид) чиқди. Полидезоксирибонуклеотидлар косметикага тиббиётдан кириб келган бўлиб, зардоблар таркибида пайдо бўлишидан анча аввал яраларни битириш ва тўқималарни тиклаш учун ишлатилган.
ПДРН – ҳаётнинг қурилиш материалидир
Полидезоксирибонуклеотидлар — бу нуклеотидлар занжири, яъни ДНК ва РНКнинг таркибий бирликларидир. Косметика учун улар лосос ёки гулмоҳи увилдириқ суюқлигидан олинади. Лососсимонлар оиласига мансуб балиқларнинг увилдириқ суюқлиги таркибида тузилиши 95% инсонникига мос келадиган полидезоксирибонуклеотидлар мавжуд бўлиб, шунинг ҳисобига тери уларни бегона модда сифатида қабул қилмайди.
ПДРНнинг асосий суперкучи — тиклашдир
Терини парваришлашдаги аксарият фаол моддалар “мен буни сенинг ўрнингга бажараман” тамойили асосида ишлайди. Гиалурон кислотаси терини ўзи намлантиради. Ретинол эса ҳужайралар янгиланишини ўзи тезлаштиради. ПДРН эса бошқача ишлайди: полидезоксирибонуклеотидлар коллаген, эластин ва гиалурон кислотасини ишлаб чиқарувчи фибробласт ҳужайраларининг рецепторлари билан боғланади. Бундай “сигнал”дан сўнг фибробластлар фаоллашиб, жадалроқ ишлай бошлайди. Бу жараён биостимуляция деб аталади.
ПДРН тиббиётда 30 йилдан ортиқ вақтдан бери қўлланади
Гўзаллик саноатида C витаминининг фойдалари ва кислоталарнинг ҳар кунги зарурати ҳақида баҳс-мунозаралар давом этаётган бир пайтда, жарроҳлик ва спорт тиббиётида полидезоксирибонуклеотидлар жароҳатларнинг битишини тезлаштириш, бўғимларни тиклаш ва шикастланган тўқималарни даволаш учун ишлатилган. Улар шунчалик яхши самара бердики, натижада эстетик тиббиётга ҳам кириб келди — ПДРН иньекциялари ПДРН косметикасидан аввалроқ оммалашди.
ПДРН ва гиалурон кислотаси — рақиблар эмас, балки бир жамоа
Гиалурон кислотаси ўша заҳоти терини намлантиради. У сувни ўзига тортиб, ҳужайралараро бўшлиқни тўлдиради. Натижаси деярли дарҳол сезилса-да, қўшимча парваришсиз самара тезда йўқолади.
ПДРН эса узоқ муддатли натижага ишлайди. У терини бевосита намлантирмайди, бироқ терининг ўз гиалурон кислотасини кўп миқдорда ишлаб чиқаришига туртки берадиган жараёнларни ишга туширади. Бу кўпроқ вақт талаб этади, аммо натижаси анча барқарор бўлади.
Шу сабабли уларни биргаликда қўллаган маъқул. Айтганча, кўплаб машҳур зардоблар айнан шундай ечимни таклиф этади.
Сезиларли натижалар вақт талаб қилади
ПДРН сизга уч кунда “аввалги ва кейинги” натижани бермайди. Полидезоксирибонуклеотидларнинг таъсир механизми босқичма-босқич тўпланишни назарда тутади: ҳужайралар фаоллашади, кўпроқ коллаген ва эластин ишлаб чиқара бошлайди, тери эса секин-аста, силлиқроқ ва жонлироқ бўлиб боради.
Дерматологлар айтаётган реал муддатлар:
- биринчи сезиларли ўзгаришлар — мунтазам қўллашдан 4–6 ҳафта ўтгач;
- тўлиқ натижа — 2–3 ойдан сўнг.
ПДРН айниқса учта вазифада самарали
Полидезоксирибонуклеотидлар турли вазиятларда яхши таъсир кўрсатади, бироқ улар ҳақиқатан ҳам ўрни беқиёс бўлган учта вазифа мавжуд.

- Агрессив парваришдан сўнг тикланиш. Агар кислоталар, ретинол ёки аппаратли муолажаларга ҳаддан ташқари берилиб, терингиз “қўзғолон” кўтарган бўлса, ПДРН унга тезроқ ўзига келишга ёрдам беради.
- Хира ва “чарчаган” тери. Гап стресс, уйқусизлик ёки мавсум алмашинуви даврида пайдо бўладиган рангсизлик ва жилосизлик ҳақида кетмоқда. ПДРН терига ҳужайра даражасида энергия қайтаради.
- Эластиклик йўқотилишининг илк белгилари. Чуқур ажинлар эмас (улар учун иньекцияларга мурожаат қилган маъқул), балки майда ажинлар, тонуснинг йўқолиши, терининг илк бор “қоғозга ўхшаб” қолиши назарда тутилмоқда.
Воситани тўғри танлаш муҳим аҳамиятга эга
Ҳозирда бозорда таркибида полидезоксирибонуклеотидлар бўлган маҳсулотлар жуда кўп — ҳамёнбопидан тортиб, қимматигача. Қайси тоифадаги маҳсулотни танлашингиздан қатъи назар, қуйидагиларга эътибор беришингизни маслаҳат берамиз:
- Консентрация. Косметик восита таркибидаги ПДРНнинг минимал самарали консентрацияси тахминан 0,1–0,2% ни ташкил этади.
- Чиқарилиш шакли. Зардоб ва ампулалар кремлардан кўра самаралироқ ишлайди: полидезоксирибонуклеотид молекулалари енгилроқ текстуралар орқали яхшироқ сингади. ПДРНли крем ҳам ёмон эмас, аммо зардобдан кейинги иккинчи қадам сифатида қўллаган маъқул.
- Таркиби. ПДРН ниацинамид, пептидлар, осиё сентелласи экстракти билан бирга қўлланганда ажойиб натижа беради. Аммо уни юқори консентрацияли кислоталар билан аралаштирмаган маъқул, чунки кислотали муҳит полидезоксирибонуклеотидларнинг самарадорлигини пасайтиради.
- Келиб чиқиши. Маҳсулот тавсифидан “полидезоксирибонуклеотидлар” ёки “ПДРН” деган ёзувни изланг. Баъзи ишлаб чиқарувчилар “ДНК парчалари” ёки “нуклеин кислоталар” деб ҳам ёзишади – буларнинг барчаси айни шу моддани англатади.








