Daryo

Европа Иттифоқи Гренландия бўйича фавқулодда саммит ўтказади

Йиғилишда Трампнинг Арктикадаги орол сабаб бир қатор Европа давлатларига нисбатан 10 фоизлик божлар жорий этганига қарши жавоб чоралари муҳокама қилинади.

2 дақиқа ўқиш3 664 кўришлар0 изоҳ2

Европа Иттифоқи (ЕИ) давлат ва ҳукумат раҳбарлари 22 январь куни кечқурун Брюсселда Гренландия атрофидаги вазият бўйича фавқулодда саммитга йиғилади. Бу ҳақда Deutsche Welle хабар берди.

Европа кенгаши раиси Антониу Коштанинг матбуот котиби душанба, 19 январь куни маълум қилишича, йиғилишда Европа етакчилари АҚШ президенти Дональд Трампнинг Германия ва бошқа етти Европа давлатига нисбатан солинган 10 фоизлик божларга қарши жавоб чораларини муҳокама қилади.

93 миллиард евролик “савдо уруши” хавфи

ЕИнинг иқтисодиёт бўйича комиссари Валдис Домбровскис Брюсселда иттифоқ молия вазирлари учрашуви олдидан берган баёнотида, АҚШга нисбатан жавоб божларини жорий этиш эҳтимоли “истисно қилинмаслиги”ни билдирди.

Еврокомиссия маълумотларига кўра, умумий қиймати 93 миллиард еврога тенг бўлган Америка товарларига нисбатан махсус божлар 2026-йилнинг 7 февралидан кучга кириши мумкин. Ушбу бож 2025-йилдаги савдо можароси доирасида тайёрланган бўлиб, агар 6 январь куни киритилган мораторий муддати узайтирилмаса, автоматик равишда амал қила бошлайди. Бундай ҳолда Европанинг чекловлари АҚШдан келтириладиган қуйидаги маҳсулотларга зарба беради:

  • самолёт ва автомобиллар;
  • мол гўшти;
  • виски ва цитрус мевалар.

Шунингдек, Европарламент Трампнинг таҳдидларидан сўнг АҚШ билан трансатлантик савдо битимини ратификация қилишни тўхтатди. Der Spiegel ва Reuters хабарларига кўра, ЕИ ҳудудида Америка компаниялари фаолиятини чеклаш имконияти ҳам кўриб чиқилмоқда.

Гренландия можароси

Зиддият Трампнинг Дания қироллиги таркибидаги автоном ҳудуд ҳисобланган Гренландия устидан АҚШ назоратини ўрнатиш истагидан бошланди. Трамп оролни АҚШ хавфсизлиги учун муҳим деб ҳисоблайди. Президент ҳудуд назоратга олинмаса, Хитой ёки Россия томонидан босиб олинишини даъво қилмоқда.

Европалик расмийлар эса орол аллақачон НАТОнинг жамоавий мудофааси билан ҳимояланганини ва 1951-йилдаги келишувга кўра, АҚШ у ерга қўшимча қўшин юбориш имконига эга эканини эслатмоқда.

Трамп 16 январь куни агар Гренландия бўйича АҚШ талаблари қўллаб-қувватланмаса, қуйидаги давлатларга 10 фоизлик бож жорий этиш билан таҳдид қилган: Буюк Британия, Германия, Дания, Нидерландия, Норвегия, Финляндия, Франция ва Швеция.

“Тинчлик ҳақида ўйлашга мажбур эмасман”

Трамп 19 январь куни Норвегия бош вазири Ёнас Гар Стёрега мактуб йўллагани маълум бўлди. Унда Трамп АҚШ Гренландия устидан “тўлиқ ва мутлақ назорат” ўрнатмагунча дунё хавфсиз бўлмаслигини таъкидлаган.

Шунингдек, Трамп Норвегия ҳукумати унга “саккиз ёки ундан кўпроқ урушни тугатгани учун” Нобель тинчлик мукофотини бермагани сабабли, энди ўзини “фақат тинчлик ҳақида ўйлашга мажбур деб ҳисобламаслигини” ёзган. Стёре бунга жавобан мукофот ҳукумат эмас, мустақил Нобель қўмитаси томонидан берилишини эслатди.

Маълумот ўрнида, 2025-йилги тинчлик бўйича Нобель мукофоти Венесуэла мухолифати етакчиси Мария Корина Мачадога берилган бўлиб, у мукофотни 15 январь куни Оқ уйда Трампга тақдим этган эди.

Норвегиядаги хавотирли вазият

AFP агентлиги хабарига кўра, минглаб Норвегия фуқаролари ҳарбийлардан огоҳлантириш мактубларини олган. Унда уруш бўлган тақдирда уларнинг уйлари, машиналари, қайиқлари ва бошқа жиҳозлари миллий мудофаа учун мусодара қилиниши мумкинлиги айтилган.

Норвегия армияси логистика хизмати раҳбари Андерс Жернберг мамлакат “Иккинчи жаҳон урушидан бери энг жиддий хавфсизлик инқирозини” бошдан кечираётганини билдирди. Норвегия НАТО аъзоси бўлса-да, ЕИ таркибига кирмайди ва шарқда Россия билан чегарадош ҳисобланади.

Мирзаева Дилафрўз Сафар қизи. 1999 йилда Тошкент вилоятида таваллуд топган. Миллати — ўзбек. 2024 йилда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг Синхрон таржима йўналиши магистр босқичини тамомлаган.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар