Япония бош вазири Санаэ Такаичи 23 январь куни мамлакат парламентининг қуйи палатасини тарқатиб юборишини маълум қилди. Бу ҳақда Reuters хабар берди.
Мазкур қарордан сўнг 8 февраль куни қуйи палатадаги барча 465 та ўрин учун умуммиллий сайловлар бўлиб ўтади. Душанба, 19 январь куни ўтказилган матбуот анжуманида бош вазир сайлов натижаларига ўзининг сиёсий келажагини тикканини айтди.
“Мен ушбу сайловга бош вазир сифатидаги ўз сиёсий тақдиримни тикканман. Халқ давлат бошқарувини менга ишониб топшириш-топширмаслик масаласида бевосита ҳакам бўлишини хоҳлайман”, деди Такаичи.
Бош вазир сайловолди кампаниясида халққа қуйидагиларни ваъда қилмоқда:
- озиқ-овқат маҳсулотлари учун белгиланган 8 фоизлик истеъмол солиғини икки йилга тўхтатиб туриш;
- харажатларни ошириш орқали янги иш ўринлари яратиш;
- уй хўжаликлари харажатларини рағбатлантириш ва бошқа солиқ тушумларини кўпайтириш.
Ҳукумат ҳисоб-китобларига кўра, озиқ-овқат солиғининг бекор қилиниши ғазна даромадини йилига 5 триллион иенага (32 миллиард доллар) камайтиради. Ушбу хабар фонида Япониянинг 10 йиллик давлат облигациялари даромадлилиги душанба куни сўнгги 27 йилдаги энг юқори даражага кўтарилди.
Миллий хавфсизлик ва Хитой билан зиддият
Санаэ Такаичи маъмурияти 2026-йилда янги миллий хавфсизлик стратегиясини қабул қилишни режалаштирган. Унга кўра, мамлакат мудофаа харажатлари ялпи ички маҳсулотнинг 2 фоизигача оширилади. Бу Япониянинг мудофаа харажатларини ўн йиллар давомида 1 фоиз атрофида ушлаб туриш анъанасидан кескин воз кечишини англатади.
Бундай қарорга Тайван атрофидаги кескинлик ва Шарқий Хитой денгизидаги баҳсли ороллар сабаб бўлмоқда. Бош вазир ўз нутқида Хитой томонидан бўлаётган иқтисодий босимларни ҳам тилга олди.
“Хитой Тайван атрофида ҳарбий машғулотлар ўтказди, муҳим етказиб бериш занжирларини назорат қилиш орқали иқтисодий тазйиқлар тобора кучаймоқда. Халқаро хавфсизлик муҳити оғирлашиб бормоқда”, дея таъкидлади у.
Маълумот ўрнида, ўтган ҳафтада Хитой Япония ҳарбийлари фойдаланиши мумкин бўлган, жумладан, муҳим минераллар экспортига тақиқ қўйган эди.
Сиёсий кучлар нисбати
Бўлажак сайловларда Такаичи бошчилигидаги Либерал-демократик партия (ЛДП) ва “Ишин” партияси коалицияси қуйи палатада кўпчилик ўринни сақлаб қолишни кўзламоқда. Ҳозирда уларнинг жами 233 та ўрни бор.
Бош вазирнинг асосий рақиби — янги тузилган “Марказчи ислоҳотлар альянси” бўлади. Ушбу блок Япония Конституциявий-демократик партияси ва “Комеито” партияси бирлашувидан ҳосил бўлган. Қайд этиш жоизки, “Комеито” Такаичи ҳокимиятга келгач, ЛДП билан 26 йиллик иттифоқни узган эди.
Мухолифат блоки ҳозирда 172 та ўринга эга ва улар озиқ-овқат маҳсулотларига солиқни вақтинча эмас, балки бутунлай бекор қилишни таклиф этмоқда. Сайловлар 8 февраль куни, Таиланддаги умуммиллий сайловлар билан бир вақтда бўлиб ўтиши кутилмоқда.








