Daryo

Хитойда туғилиш даражаси 1949 йилдан бери энг паст даражага тушди

Бу кўрсаткич Хитой Халқ Республикаси ташкил топганидан буён илк бора қайд этилди. Мамлакатда аҳоли сони кетма-кет тўртинчи йил камаймоқда.

2 дақиқа ўқиш3 077 кўришлар0 изоҳ3

Хитойда туғилиш кўрсаткичи 1949 йилда Халқ Республикаси ташкил топганидан буён энг минимал даражага тушиб кетди. Бу ҳақда TRT World хабар берди.

Демографик инқироз

Расмий маълумотларга кўра, ўтган 2025 йилда ҳар 1000 кишига тўғри келадиган туғилиш сони 5,6 тани ташкил этган. Йил давомида жами 7,9 миллион чақалоқ дунёга келган — бу кўрсаткич 1,6 миллионга кам бўлиб, мазкур пасайиш 2020 йилдан бери кузатилган энг кескин қисқариш сифатида қайд этилди.

Туғилишнинг камайиши фонида Хитойнинг умумий аҳолиси сони бир йилда 3,4 миллион кишига қисқарди. Бу мамлакат аҳолисининг кетма-кет тўртинчи йил камайишидир. Маълумот ўрнида, 2021 йилдан бошланган пасайишдан сўнг 2024 йилда Хитой аҳолиси 1,4 миллиард кишини ташкил этганди.

Никоҳлар камайиб, ажримлар кўпаймоқда

Пекин маъмурлари президент Си Цзиньпин бошчилигида “туғилиш учун қулай” жамият яратишга, нақд пул субсидиялари ва узайтирилган ота-она таътиллари каби имтиёзларни жорий этишга уринаётган бўлса-да, натижалар кутилганидек бўлмаяпти.

Бунга қуйидаги омиллар сабаб бўлмоқда:

  • Никоҳлар сони. 2024 йилда мамлакатда 1980 йилдан бери энг кам никоҳ қайд этилган. Жами 6,1 миллион жуфтлик оила қурган, бу 2023 йилга нисбатан 20,5 фоизга камдир.
  • Ажримлар. Ажрашиш кўрсаткичи эса 1,1 фоизга ошган.
  • Ижтимоий босим. Туғиш ёшидаги аёллар сонининг камайиши, ижтимоий-иқтисодий қийинчиликлар сабабли ёшларнинг никоҳ ва фарзанд кўришни кечиктираётгани демографик босимни янада кучайтирмоқда.

Бундан олдин Хитой ҳукумати томонидан мамлакатда туғилишни рағбатлантириш мақсадида контрацептив воситалар (презервативлар, туғилишни назорат қилувчи ҳапдорилар ва бошқалар) учун 13 фоизлик савдо солиғи жорий этилгани ҳақида хабар берилганди. Ислоҳот доирасида болалар боғчалари, оила қуриш билан боғлиқ хизматлар ва кексалар парвариши ҳам қўшилган қиймат солиғидан озод этилган.

Иқтисодий ўсиш

Демографик муаммоларга қарамай, Хитой иқтисодиёти 2025 йилда ҳукумат белгилаган режани бажарди. Душанба, 19 январь куни эълон қилинган маълумотларга кўра, мамлакат ялпи ички маҳсулоти (ЯИМ) 5 фоизга ўсган. Яъни ЯИМ ҳажми рекорд даражадаги 140 триллион юанга (тахминан 20 триллион доллар) етган.

Дунёнинг иккинчи йирик иқтисодиёти ҳисобланган мамлакат бундай ўсишга ички талабнинг сустлиги, дефляция тенденциялари, кўчмас мулк соҳасидаги узоқ давом этаётган инқироз ва АҚШнинг тариф сиёсати билан боғлиқ ташқи ноаниқликларга қарамай эришган.

Мирзаева Дилафрўз Сафар қизи. 1999 йилда Тошкент вилоятида таваллуд топган. Миллати — ўзбек. 2024 йилда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг Синхрон таржима йўналиши магистр босқичини тамомлаган.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар