“Манчестер Сити” “Кристал Пэлас” клуби марказий ҳимоячиси Марк Геҳи билан шартнома имзолади. Бу ҳақда Манчестер клуби матбуот хизмати хабар берди.
“Шаҳарликлар” 25 ёшли футболчи учун 20 миллион фунт стерлинг (23 миллион евро) тўлади. Томонлар 2031 йилгача мўлжалланган шартнома имзолади, англиялик футболчи эса янги жамоасида 15-рақамни танлади.
“Мен “Манчестер Сити” футболчиси бўлганимдан жуда хурсандман ва бундан фахрланаман. Ушбу трансфер фаолиятим давомида қилган барча машаққатли меҳнатларимнинг мантиқий якуни каби туюлмоқда. Бугун мен Англиядаги энг кучли клубда ва ақл бовар қилмас даражадаги футболчилардан иборат жамоа таркибидаман. Буни айта олишнинг ўзиёқ жуда ёқимли. Мен футболчи ва инсон сифатида ўсишни истайман ва айнан шу клубда бу албатта амалга ошишига ишонаман”, деди Геҳи.
Жорий мавсумда Геҳи барча мусобақаларда 33 та учрашувда майдонга тушиб, 3 та гол урди ва 4 та голли узатма муаллифи бўлди. Transfermarkt портали маълумотларига кўра, англиялик футболчининг бозор қиймати 55 миллион еврога баҳоланади.
Маълумот учун, Англия терма жамоаси ҳимоячиси 2025 йил ёзида “Ливерпуль”га трансфери амалга ошмагач, 2026 йил 30 июнга қадар мўлжалланган шартномасини узайтирмасликка қарор қилган эди.








