Гватемала президенти Бернардо Аревало 18 январь куни мамлакатда қамал ҳолати ўрнатилганини эълон қилди. Бу қарор хавфсизлик кучлари маҳбуслар томонидан гаровга олинган 46 нафар қамоқхона қўриқчиларини озод қилганидан сўнг қабул қилинди. Бу ҳақда Reuters хабар берди.
Дам олиш кунлари бўлиб ўтган тўқнашувлар оқибатида камида 7 нафар полиция ходими ҳалок бўлди, яна 10 нафари жароҳатланди. Шанба, 17 январь куни эрта тонгда учта эркаклар қамоқхонасида бошланган тартибсизликлар давомида исёнчи маҳбуслар жами 46 кишини гаровга олган эди. Ҳукумат ушбу тартибсизликларда Баррио 18 жиноий гуруҳини айбламоқда. Маълум қилинишича, гуруҳ ўз аъзолари учун қамоқхонада имтиёзлар кенгайтирилишини талаб қилган.
Хавфсизлик кучлари Баррио 18 етакчиси Алдо Дуппи сақланаётган қамоқхона устидан назоратни қайта ўрнатгач, Гватемала шаҳри атрофидаги бир қанча ҳудудларда тўда аъзолари томонидан полицияга мақсадли ҳужумлар уюштирилди. Эл Лобо (Бўри) тахаллуси билан танилган гуруҳ етакчиси яна ҳибсга олинди.
Полиция томонидан тақдим этилган суратларда 18 январь куни эрталаб елкаси қон бўлган Эл Лобо маҳбуслар эгаллаб олган қамоқхонадан полиция кузатуви остида олиб чиқилаётгани акс этган.
Қамал ҳолати ва хавфсизлик чоралари
Президент Аревало томонидан эълон қилинган 30 кунлик қамал ҳолати полиция ва армияга жиноий гуруҳларга қарши курашиш учун барча имкониятларни ишга солишга йўл очади. Гватемала қонунчилигига кўра, бундай режим вақтинчалик фуқаролик эркинликларини чеклаши ёки тўхтатиб туриши ҳамда хавфсизлик кучларининг ваколатларини кенгайтириши мумкин.
Президентнинг таъкидлашича, қамоқхоналар назорати қайтариб олингач, пойтахт ва унинг атрофида полицияга қарши бир вақтнинг ўзида ҳужумлар бошланган — бу жиноий гуруҳнинг қасоси бўлган. Тўқнашувлар давомида бир нафар жиноий гуруҳ аъзоси ҳам ўлдирилган.
“Ушбу қотилликлар хавфсизлик кучлари ва аҳолини қўрқитиш, бизни жиноий гуруҳлар ва уларнинг террор режимига қарши курашдан воз кечишга мажбур қилиш мақсадида содир этилди. Аммо улар бунга эриша олмайди”, деди Аревало.
Аҳоли учун чекловлар
Президент мамлакатда уч кунлик мотам эълон қилди, бироқ қамал ҳолати фуқароларнинг нормал ҳаёт тарзига таъсир қилмаслиги кераклигини айтди. Шунга қарамай, эҳтиёт чоралари кучайтирилди. Жумладан, Миллий фуқаролик полицияси директори Давид Ботео аҳолига уйдан чиқмасликни маслаҳат берди. АҚШнинг Гватемаладаги элчихонаси ўз фуқаролари учун хавфсизлик огоҳлантиришини эълон қилди. Таълим вазири 19 январь куни мамлакат бўйлаб мактабларда дарсларни бекор қилди.
Баррио 18 ва Эл Лобо ҳақида
Гватемала Конгресси 2025 йил октябрь ойида Баррио 18 гуруҳини “террорчи ташкилот” деб эълон қилган эди. Бу АҚШ президенти Дональд Трамп маъмурияти гуруҳни “хорижий террорчилик ташкилоти” деб таснифлаганидан кўп ўтмай содир бўлди.
Жиноий гуруҳ етакчиси Эл Лобо айни пайтда жами 2 000 йиллик қамоқ жазосини ўтамоқда. Маълумот ўрнида, у Гватемаланинг собиқ биринчи хоними Сандра Торреснинг жиянига уйланган. Сандра Торрес уч марта президентлик сайловларида қатнашиб, иккинчи ўринни эгаллаган (охирги марта 2023-йилда айнан Аревалога ютқазган эди).








