Daryo

Суриядаги қамоқхонадан ИШИД маҳбуслари қочиб кетди

Мамлакат армияси ва курдлар қочган маҳбуслар сони бўйича турлича маълумот берди. Томонлар ҳодисада бир-бирини айбламоқда.

1 дақиқа ўқиш4 088 кўришлар0 изоҳ2

Сурия Ички ишлар вазирлиги 20 январь куни мамлакат шарқидаги Шаддади қамоқхонасидан 120 га яқин ИШИД маҳбуси қочиб кетганини маълум қилди. Бу ҳақда Reuters хабар берди.

Мазкур ҳолат бўйича маълумотлар бир-биридан фарқ қилмоқда. Курдларнинг Rudaw нашри Сурия демократик кучлари (СДК) матбуот котиби Фарҳод Шомийга таяниб, қамоқхонадан 1 500 нафарга яқин ИШИД аъзоси қочгани ҳақида хабар берган.

Сурия вазирлигининг билдиришича, маҳбуслар қочганидан сўнг Шаддади шаҳрига Сурия армияси бўлинмалари ва вазирликнинг махсус кучлари етиб борган. Шаҳар ва унинг атрофида ўтказилган қидирув амалиётлари натижасида ҳозирча 81 нафар қочоқ қайта қўлга олинган. Қолган маҳбусларни ҳибсга олиш бўйича ҳаракатлар давом этмоқда.

Сурия армияси аввалроқ мазкур қамоқхона СДК назоратида бўлганини таъкидлаб, курд кучларини жангариларни қасддан қўйиб юборганликда айблади. Ўз навбатида, СДК вакиллари ҳукумат кучларининг ҳужуми оқибатида қамоқхона устидан назоратни йўқотганини билдирмоқда. Айни пайтда, Сурия армияси қамоқхонага ҳужум қилганини инкор этиб, асосий мақсад ҳудуд хавфсизлигини таъминлаш ва қочқинларни қайтариш эканини маълум қилди.

Минтақадаги вазият ўзгариши

Ушбу воқеалар Суриядаги сиёсий харита кескин ўзгараётган бир пайтда юз бермоқда. Кўп йиллик тўқнашувлардан сўнг, 18 январь куни СДК араблар кўпчиликни ташкил этувчи ва асосий нефть конлари жойлашган Раққа ҳамда Дайр-аз-Завр вилоятларидан чиқиб кетишга рози бўлган эди.

Хусусан, СДК етакчиси Мазлум Абди ва амалдаги президент Аҳмад аш-Шараъа ўртасида СДКни армияга интеграция қилиш бўйича битим имзоланган. Душанба, 19 январь кунидан бошлаб курд кучлари тарк этган шимолий ва шарқий ҳудудларда Сурия ҳукумати қўшинлари ўз назоратини ўрнатди. Бу кескин бурилиш Аҳмад аш-Шараъа ҳокимиятининг мустаҳкамланишига хизмат қилмоқда.

ИШИД экстремистик гуруҳи жаҳоннинг бир қатор мамлакатлари ва халқаро ташкилотлар томонидан “террорчилик ташкилоти” деб топилган.

Мирзаева Дилафрўз Сафар қизи. 1999 йилда Тошкент вилоятида таваллуд топган. Миллати — ўзбек. 2024 йилда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг Синхрон таржима йўналиши магистр босқичини тамомлаган.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар