Болгария президенти Румен Радев 20 январь куни истеъфога чиқишини эълон қилди. Бу ҳақда Reuters хабар берди.
Радев 2016 йилда президент этиб сайланган, 2021 йилда эса иккинчи муддатга қайта сайланганди. Унинг президентлик муддати 2027 йилда якунланиши керак эди. Радев Болгариянинг евро ҳудудига қўшилиши масаласига нисбатан шубҳали муносабати, шунингдек Украинадаги уруш бўйича Кремльга яқин позицияси билан танилган.
Унинг истеъфоси Болгарияда декабрь ойида бошланган норозилик тўлқини фонида бўлиб ўтмоқда. Намойишларга ижтимоий тармоқларда тарқалган видеолар сабаб бўлганди. Улардан бирида ҳукмрон коалиция депутатлари атиги 26 сонияда “Лукойл”нинг маҳаллий активларига тааллуқли қонунни қабул қилган. Бошқа роликда эса тушлик пайтида ўтказилган баҳсли бюджет лойиҳаси бўйича овоз бериш акс этган.
Ҳукумат томонидан таклиф этилган янги бюджет лойиҳаси Болгариянинг давлат қарзини сезиларли даражада оширишни назарда тутмоқда. Унга кўра, бюджет харажатлари ЯИМнинг 45 фоизини ташкил этади. Олдинги йилларда бу кўрсаткич тахминан 40 фоиз атрофида бўлган.
Болгарияда давлат қарзининг ЯИМга нисбати Европа Иттифоқида энг паст кўрсаткичлардан бири бўлишига қарамай, норозилик билдираётганлар қўшимча қарзлар маблағларнинг адолатсиз тақсимланишига олиб келишидан хавотирда. Уларнинг фикрича, бу пуллар бюрократия фойдасига йўналтирилиши, бизнес ривожига тўсқинлик қилиши ва асосий соҳаларнинг етарлича молиялаштирилмаслигига сабаб бўлиши мумкин.
11 декабрь куни норозилик намойишлари фонида Болгария бош вазири Росен Желязков истеъфога чиққан эди. Болгария вице-президент Ильяна Ётова ноябрь ойида бўлиб ўтадиган сайловларга қадар президент вазифасини бажариши кутилмоқда.
6,4 миллион аҳолига эга Болгария 2007 йилда Европа Иттифоқига аъзо бўлган. Мамлакат 21-аъзо сифатида 1 январь куни ўзининг миллий валютаси левдан еврога ўтди. Ҳукумат инқирози бу жараёнга қандай таъсир кўрсатиши ҳозирча аниқ эмас.








