Daryo

Яна бир Европа давлати 2026-йилдан миллий валютасидан воз кечиб, еврога ўтади

Шу билан иттифоқда ўз валютасидан фойдаланаётган олтита давлат қолади.

2 дақиқа ўқиш4 973 кўришлар0 изоҳ2

Болгария 2026-йилнинг 1 январидан бошлаб ўзининг миллий валютаси — лев билан хайрлашади ва еврони қабул қилган 21-Европа давлатига айланади. Бу ҳақда Al Jazeera хабар бермоқда.

6,7 миллион аҳолига эга Болгария 2007 йил 1 январдан буён Европа Иттифоқи (ЕИ) аъзоси ҳисобланади. 2024 йил март ойида мамлакатнинг Шенген зонасига қўшилиши унинг Европа билан интеграциялашувида муҳим бурилиш нуқтаси бўлган эди. Болгария еврога ўтгач, Европа Иттифоқига аъзо 27 та давлатдан фақат олтитаси ўз миллий валютасидан фойдаланишда давом этади. Булар: Чехия, Дания, Венгрия, Польша, Руминия ва Швеция.

Евро — Европа Иттифоқининг расмий валютаси бўлиб, аъзо давлатлар ўртасида савдо ва саёҳатни осонлаштиришга хизмат қилади. Бугунги кунда ундан 350 миллион киши фойдаланмоқда. Бу еврони дунёдаги энг оммабоп расмий валюта ҳамда АҚШ долларидан кейин дунёда энг кўп сотиладиган ва сақланадиган иккинчи захира валютасига айлантирган.

Европа Марказий банки ва Евротизим томонидан бошқариладиган ушбу валюта олти хил банкнотдан иборат. Уларнинг ҳар бирида турли Европа меъморий дизайнлари акс эттирилган. 500 евролик еттинчи банкнотни чиқариш 2019-йилда тўхтатилган, бироқ у ҳали ҳам қонуний тўлов воситаси ҳисобланади. Қизиғи шундаки, евро қоғоз пуллари ҳамма жойда бир хил кўринишга эга, аммо тангаларнинг бир томони ҳар бир давлат томонидан ўз миллий дизайнида танланади.

Еврозонага кириш шартлари

ЕИ давлатларининг аксарияти махсус иқтисодий мезонларга жавоб бергандан сўнг қонуний равишда еврони қабул қилишга мажбур. Евродан фойдаланувчи давлатлар гуруҳи еврозона деб аталади. Дания ҳозирда еврозонага қўшилмаслик бўйича расмий ҳуқуққа эга ягона давлатдир. Бу имтиёз 1992-йилги Эдинбург шартномасида белгиланган.

Еврозонага киришдан олдин давлат камида икки йил давомида ЭРМ II (Валюта курслари механизми) тизимида бўлиши шарт. Бу вақт ичида миллий валюта еврога боғланади ва агар унинг курсида жуда кескин ўзгаришлар қайд этилса, мамлакат еврони қабул қила олмайди. Шунингдек, Европа Иттифоқи аъзоси бўлмаса-да, Андорра, Монако, Сан-Марино ва Ватикан евродан расмий валюта сифатида фойдаланиш бўйича келишувларга эга.

Евро хронологияси: Ким қачон ўтган?

Евро молия бозорларига 1999 йил 1 январда ҳисоб-китоб валютаси сифатида кириб келган. Нақд пуллар ва тангалар эса 2002 йил 1 январдан муомалага киритилган.

  • 1999 йил (11 та давлат): Австрия, Бельгия, Финляндия, Франция, Германия, Ирландия, Италия, Люксембург, Нидерландия, Португалия ва Испания.
  • 2001 йил: Греция.
  • 2007–2009-йиллар: Словения, Кипр, Малта, Словакия.
  • 2011–2015-йиллар: Эстония, Латвия, Литва.
  • 2023 йил: Хорватия валютадан фойдаланишни бошлаган;
  • 2026-йилда эса Болгария қўшилиши кутилмоқда.

Мирзаева Дилафрўз Сафар қизи. 1999 йилда Тошкент вилоятида таваллуд топган. Миллати — ўзбек. 2024 йилда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг Синхрон таржима йўналиши магистр босқичини тамомлаган.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар