“Манчестер Сити” АПЛ 22-тури доирасида “Манчестер Юнайтед”га 0:2 ҳисобида имкониятни бой берганидан сўнг клуб раҳбарияти ва Хосеп Гвардиола иштирокида мавсум якунида ҳамкорлик якунланиши мумкин бўлган масала муҳокама қилинадиган муҳим учрашув ўтказилади. Бу ҳақда АПЛ клублари атрофидаги инсайд маълумотларни ёритиб борувчи Topskills Sports хабар берди.
Манбага кўра, Гвардиоланинг келажаги яқин ойлардаги натижаларга боғлиқ бўлади. Агар 2025/2026 йилги мавсум клуб раҳбарияти кутганидек ўтмаса, мутахассиснинг кетиши реал вариант сифатида кўрилмоқда.
Қайд этилишича, “шаҳарликлар” Гвардиола жамоани 2026 йил ёзида тарк этиши эҳтимолига тайёр туриш мақсадида италиялик мутахассис, “Челси” собиқ бош мураббийи Энцо Маресканинг вакиллари билан аллақачон боғланган.
Хабарларга кўра, Мареска “Ман Сити”да ишлашга жуда қизиқмоқда ва бош мураббий лавозимини имкон қадар тезроқ эгаллашга тайёр.
Маълумот учун, Гвардиоланинг “Манчестер Сити” билан амалдаги шартномаси 2027 йил ёзида якунига етади. Жорий мавсум АПЛда ўтказилган 22 та учрашувдан сўнг “шаҳарликлар” 43 очко жамғариб, турнир жадвалида иккинчи ўринни эгаллаб турибди. Пешқадам “Арсенал” ҳисобида 50 очко мавжуд.
Шунингдек, “Манчестер Сити” УЕФА Чемпионлар Лигасида 6-турдан сўнг 4-ўринда бормоқда. Жамоа 13 очкога эга.








