Испаниянинг “Реал Мадрид” клуби дарвозабони Андрей Лунин мавсум якунида кўпроқ ўйин амалиётига эга бўлиш мақсадида “Қироллик клуби”ни тарк этиш бўйича якуний қарорга келган. 26 ёшли футболчига “Челси” раҳбарияти қизиқиш билдирмоқда ва Мадрид клубига дастлабки таклиф ҳам юборилган. Бу ҳақда El Nacional нашри хабар берди.
Манбага кўра, Лондон клуби расмийлари ҳозирги дарвозабонларининг савиясига шубҳа билан қарамоқда. Лунин “аристократлар” сафига ўтишга рози бўлган ва аллақачон Англия пойтахтига кўчиб ўтишга эътиборини қаратган.
Жорий мавсумда Лунин барча мусобақалар доирасида 3 та учрашувда иштирок этиб, 8 та гол ўтказиб юборган. Футболчининг клуб билан амалдаги шартномаси 2030 йил ёзигача мўлжалланган. Transfermarkt порталидаги маълумотларга кўра, футболчининг бозор қиймати 15 миллион еврони ташкил этади.
Украиналик посбон “Реал” сафида УЕФА Чемпионлар Лигаси (2 марта), Ла Лига (2 марта), УЕФА Суперкубоги (2 марта), клублар ўртасидаги Жаҳон чемпионати (1 марта), Испания Кубоги (1 марта) ва Испания Суперкубогида (2 марта) ғолиб бўлган. Лунин Мадрид клуби сафидаги фаолияти давомида 65 та учрашувда майдонга тушиб, 78 та гол ўтказиб юборган ва 22 та баҳсда дарвозаси даҳлсизлигини сақлаб қолган.








