Саудия Арабистони мезбонлик қилаётган 2026 йилги U-23 Осиё Кубоги чорак финал босқичининг навбатдаги икки учрашуви якунланди. Япония ва Вьетнам Олимпия терма жамоалари ғалаба қозониб, мусобақанинг ярим финалига йўл олди.
Япония — Иордания учрашувида асосий ва қўшимча бўлимларда дуранг қайд этилди, ғолиб пенальтилар сериясида аниқланди. Баҳсда ҳисоб 30-дақиқада иорданиялик Али Ал-Азизий томонидан очилди. Иккинчи бўлимда ҳужумларни кучайтирган Япония 50-дақиқада Шусуке Фуруянинг голи эвазига мувозанатни тиклади. Қолган дақиқаларда ҳисоб ўзгармади ва пенальтилар сериясида Япония 4:2 ҳисобида устун келди.
Японияликлар ярим финалда Австралия — Жанубий Корея жуфтлиги ғолибига қарши майдонга тушади.
Чорак финалнинг иккинчи баҳсида Вьетнам U-23 терма жамоаси Бирлашган Араб Амирликларига қарши кескин беллашув ўтказди. Асосий ва қўшимча бўлимларни ўз ичига олган учрашув 3:2 ҳисобида ветнамликларнинг ғалабаси билан якунланди.
39-дақиқада Нгуен Ле Пат ҳисобни очди. Орадан уч дақиқа ўтиб, Ндиае Жуниор жавоб голини киритди. Иккинчи бўлимда Нгуен Дин Бак (62-дақиқа) Вьетнамни яна олдинга олиб чиқди. 68-дақиқада Мансур Ал-Менҳали ҳисобни тенглаштирди — 2:2. Қўшимча бўлимда эса 101-дақиқада Фам Мин Фук ғалаба голига муаллифлик қилиб, Вьетнамни ярим финалга олиб чиқди.
Финал йўлида Вьетнам Олимпия терма жамоасига Ўзбекистон — Хитой учрашуви ғолиби рақиблик қилади.
Маълумот учун, Саудия Арабистонида ўтаётган U-23 Осиё Кубогида “C” гуруҳини биринчи ўрин билан якунлаган Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси чорак финалда “Д” гуруҳида иккинчи ўринни эгаллаган Хитой терма жамоасига қарши баҳс олиб боради.
Ўзбекистон — Хитой учрашуви 17 январь куни Жидда шаҳридаги “Шаҳзода Абдуллоҳ ал-Файсал” стадионида Тошкент вақти билан соат 16:30 да бошланади.
Мусобақада 2003 йил 1 январдан кейин туғилган футболчилар иштирок этиш ҳуқуқига эга. Турнирда Равшан Ҳайдаров бошқарувидаги Ўзбекистон U-21 терма жамоаси қатнашмоқда.








