Саудия Арабистонида давом этаётган 23 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Осиё Кубоги мусобақаси ҳал қилувчи босқичга кирди. Гуруҳ босқичи якунига етиб, 16 жамоадан 8 таси турнир билан хайрлашди. Гуруҳларда 1 ва 2-ўринларни эгаллаган терма жамоалар чорак финал баҳсларида иштирок этади.
Ўзбекистон U-23 терма жамоаси “C” гуруҳини пешқадам сифатида якунлаб, чорак финал йўлланмасини қўлга киритди. Хитой эса “Д” гуруҳида Ироқ (0:0), Австралия (1:0) ва Таиланд (0:0) терма жамоаларига қарши ўйинларда 5 очко жамғариб, кейинги босқичга йўл олди.
Ўзбекистон — Хитой: Осиё Кубогидаги ўзаро учрашувлар
Ўзбекистон ва Хитой U-23 терма жамоалари Осиё Кубоги доирасида шу пайтгача уч бор учрашган. Ушбу баҳсларнинг барчасида Ўзбекистон терма жамоаси ғалаба қозонган.
2013 йил (У-22 Осиё Кубоги):
Гуруҳ босқичида бўлиб ўтган учрашувда Кримец ва Сергеевнинг голлари эвазига Ўзбекистон 2:1 ҳисобида зафар қучган.
2018 йил (Хитой мезбонлигида):
Равшан Ҳайдаров бошчилигидаги терма жамоа гуруҳ босқичида мезбонларни Алижоновнинг ягона голи билан мағлуб этган (1:0) ва кейинчалик турнир чемпионига айланган.
2020 йил (Таиланд):
“C” гуруҳидаги баҳсда Қобилов ва Тўхтасинов голлари билан Ўзбекистон 2:0 ҳисобида ғалаба қозонган.
Шунингдек, жамоалар ўртасида халқаро ўртоқлик учрашувлари ҳам ўтказиб келинади. Сўнгги бор 2025 йил ноябрь ойида Хитойда ташкил этилган халқаро турнир доирасида томонлар ўзаро тўқнаш келиб, учрашув 0:0 ҳисобида якунланган.
Учрашув олдидан
Чорак финал баҳси арафасида Ўзбекистон U-23 терма жамоаси дарвозабони Самандар Муратбаев Хитойга қарши ўйин ҳақида фикр билдирди:
“Хитой биз учун бегона рақиб эмас. Улар билан кўп марта ўйнаганмиз. Ўз ўйинимизни намойиш этиб, ғалаба қозонишга ҳаракат қиламиз”.
Чорак финал босқичида ғалаба қозонган жамоа ярим финалда Вьетнам — БАА учрашуви ғолибига қарши майдонга тушади. Ушбу баҳс 20 январь куни бўлиб ўтади.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон — Хитой учрашуви 17 январь куни Тошкент вақти билан соат 16:30 да Жидда шаҳридаги “Prince Abdullah Al Faisal Sports City” стадионида старт олади.








