U-23 Осиё кубоги 1-тур учрашувлари арафасида матбуот анжумани ташкил этилди. Унда Ўзбекистон U-23 терма жамоаси бош мураббийи Равшан Ҳайдаров иштирок этди.
“Авваламбор, ушбу турнирда иштирок этаётганимиздан хурсандмиз. Ташкилий жиҳатдан ҳаммаси юқори савияда. ОФК ва маҳаллий ташкилий қўмитага миннатдорлик билдираман. Барча жамоаларга омад тилайман. Биз бу мусобақани яхши кўрамиз ва ҳурмат қиламиз. Рейтингимиз баланд, ҳар доим юқори натижалар қайд этиб келганмиз. Бу гал ҳам муносиб иштирок этиб, яхши натижага эришамиз, деб ўйлайман”, дейди Равшан Ҳайдаров.
Шунингдек, мутахассис гуруҳдаги рақиблар ҳақида ҳам тўхталди:
“Гуруҳимизда кучли жамоалар жамланган. Уларнинг тажрибаси ва имкониятларини яхши биламиз. Таркибимиз ёш бўлишига қарамай, жамоага ишонаман. Футболчиларга бу турнир улар учун катта тажриба ва келажак сари кўприк бўлишини айтдим”, дейди Ҳайдаров.
Маълумот учун, Саудия Арабистони мезбонлик қиладиган 2026-йилги U-23 Осиё кубоги 6 январь куни старт олади. Қуръа натижаларига кўра, Равшан Ҳайдаров шогирдлари Жанубий Корея, Эрон ва Ливан билан биргаликда “C” гуруҳидан жой олди. Ўзбекистон 2026-йилги мусобақанинг илк турида Ливанга қарши майдонга тушади. Учрашув 7 январь куни Тошкент вақти билан соат 19:00 да “Шаҳзода Файсал бин Фаҳд” стадионида старт олади.








