Daryo

ВАР, ақлли тўп ва голни аниқлаш тизими — футболда технологиялар даври

Англия Лига Кубогининг ярим финал учрашувларида ВАР текширувидан сўнг бир хил вазият учун икки хил қарор қабул қилинди. Аслида бу тизим ҳакамларнинг адолатли қарор қабул қилиши учун жорий этилган. Ушбу ҳолат футболга татбиқ этилган технологиялар ҳакамларга ёрдам бериши, аммо охирги сўз ва ҳал қилувчи қарор барибир инсон омилига боғлиқ бўлиб қолаётганини кўрсатади.

7 дақиқа ўқиш2 824 кўришлар0 изоҳ0

Спортда технологиялардан фойдаланиш суръати тобора ортиб бормоқда. Бироқ Халқаро футбол федерациялари ассоциацияси — ФИФА бошқа спорт турларида аллақачон жорий этилган айрим технологияларни қабул қилишда нисбатан суст бўлди. Чунки футболга татбиқ этилган технологиялар бошқа спорт турларида аллақачон мавжуд эди. ВАР, голни аниқлаш тизими, ярим автоматлаштирилган офсайд технологияси каби илғор воситалар ўйинларда адолатли қарор чиқариш учун ёрдам беради.

Англия Лига Кубоги ярим финалидан ўрин олган “Ньюкасл” — “Манчестер Сити” ҳамда “Челси” — “Арсенал” учрашувида бир хил вазият учун турлича қарорлар қабул қилинди. Яъни бурчакдан узатилган тўпни футболчи дарвозага йўллади. Ундан олдинроқда — офсайдда турган жамоадош футболчи эса рақиб ҳимоячисини ушлаб олгани учун “Манчестер Сити”нинг голи бекор қилинди, “Арсенал”нинг голи эса ҳисобга олинди.

Бу ҳолат шуни кўрсатадики, технологиялар ҳакамларга ёрдам бериши мумкин, лекин охирги сўз ва ҳал қилувчи қарор барибир инсон омилига боғлиқ бўлиб қолмоқда.

ВАР — видео ёрдамчи ҳакам

ФИФА илк бор VAR (Video Assistant Referee) технологиясини 2018 йилда Россияда бўлиб ўтган Жаҳон чемпионатида қўллади. Бу қарор ундан аввалги бир неча йил давомида ўтказилган муваффақиятли синовлардан сўнг қабул қилинди. ВАР орқали тўртта ҳолат кўриб чиқилиши мумкин:

  • гол эпизодлари,
  • пенальти қарорлари,
  • қизил карточка билан боғлиқ вазиятлар,
  • карточка беришда шахсни адаштириш ҳолатлари.
Фото: “FIFA.cом”

Видео ёрдамчи ҳакам эпизодларни қайта кўриб чиқади ва агар яққол хато аниқланса, бу ҳақда симсиз алоқа орқали бош ҳакамга (эшитиш қурилмаси орқали) хабар беради. Ушбу тизим жорий этилганда бу жараён учун кўп вақт сарфланар эди, бироқ ўйинларнинг трансляция сифати ортиши ва фойдаланиладиган камералар сони кўпая боргани сари тизим ҳам такомиллашиб борди.

2018 йилда ВАР футбол қоидаларига расман киритилди. Бу қарор футбол қоидаларини белгиловчи орган — Халқаро футбол ассоциациялари кенгаши (IFAB) томонидан тасдиқланди.

IFAB 1886 йилда халқаро мусобақалар учун ягона ва стандарт қоидаларни жорий этиш мақсадида ташкил этилган. 1904 йилда ФИФА ташкил этилганидан буён IFAB’нинг ўйин қоидалари устидан юрисдикциясини расман тан олган.

У ФИФАдан алоҳида мустақил ташкилот ҳисобланади, бироқ ФИФА кенгаш таркибида вакилликка эга бўлиб, овозларнинг 50 фоизига эгалик қилади. IFAB’га асос солган футбол ассоциациялари — Англия, Шотландия, Шимолий Ирландия ва Уэльс — ташкилотда доимий ўринларга эга. Ўйин қоидаларига ўзгартириш киритиш учун камида 75 фоиз овоз билан қарор қабул қилиниши талаб этилади. Бу эса ФИФА розилиги зарур эканини, бироқ у якка ўзи қарор қабул қила олмаслигини англатади.

Ярим автоматлаштирилган офсайд технологияси

Ярим автоматлаштирилган офсайд технологияси футбол тарихида илк бор 2022 йил Қатарда бўлиб ўтган ФИФА Жаҳон чемпионатида қўлланилди. Аввалроқ у бир қатор ФИФА турнирларида муваффақиятли синовдан ўтказилган эди.

Фото: “PremierLeague.com”

Мазкур технология стадион атрофида жойлаштирилган 12 та камера орқали ишлайди. Камералар тўп ва ҳар бир футболчининг танасидаги бир нечта нуқтани сониясига 50 мартагача кузата олади. Бундан ташқари, тўп ичига жойлаштирилган сенсор сигнали ҳам ишлатилади. Ушбу маълумотлар ёрдамида футболчиларнинг майдондаги аниқ жойлашуви ҳисоблаб чиқилади ва реал вақт режимида офсайд ҳолати бор-йўқлиги аниқланади. Натижа ВАР ҳакамларига етказилади ва улар орқали бош ҳакам хабардор қилинади.

Голни аниқлаш технологияси

Футболда голни аниқлаш технологиясига эҳтиёж жуда катта. Чунки тарихда кўплаб ҳолатлар бўлганки, телевизион такрорий лавҳалар ҳакамнинг нотўғри қарор чиқарганини кўрсатган — яъни тўп дарвоза чизиғидан ўтган ёки ўтмаганига қарамай, гол ҳисобланган ёки бекор қилинган.

Шунга ўхшаш технологиялар крикет, теннис ва Америка футболида муваффақиятли қўлланилган бўлиб, мухлислар томонидан ижобий қабул қилинган.

Фото: Sports Illustrated

Голни аниқлаш технологияси учун бир нечта вариантлар мавжуд. IFAB ушбу тизимни жорий этишдан олдин унинг мукаммал ишлашига ишонч ҳосил қилиш мақсадида кенг қамровли синовлар ўтказди. Жамоаси бундай тизим йўқлиги сабабли ғалабадан маҳрум бўлган мухлислар учун эса бу технология қанчалик тез жорий этилса, шунчалик яхши эди.

Голни аниқлаш тизими қуйидаги тўртта мезонга жавоб бериши керак:

  • технология фақат дарвоза чизиғи билан боғлиқ қарорлар учун қўлланиши;
  • тизим 100 фоиз аниқликка эга бўлиши;
  • ҳакамга юбориладиган сигнал бир зумда етиб бориши;
  • сигнал фақат ўйин расмийларига етказилиши.

Ушбу технология учун учта асосий вариант кўриб чиқилди. 2013 йилда FIFA Германиянинг Cаирос компаниясига лицензия берди. Шу тариқа Cairos, Hawk-Eye ва GoalRef тизимларига қўшилиб, 2013 йилги Конфедерациялар кубогида синовдан ўтказилди ҳамда 2014 йилги Жаҳон чемпионатидан бошлаб футболга тўлиқ татбиқ этилди.

“Ақлли тўп” тизими

Истиқболли вариантлардан бири — ичига сенсор жойлаштирилган “ақлли тўп” бўлди. Ушбу технология Германиянинг Cairos Technologies ва Adidas компаниялари томонидан ишлаб чиқилган. Тизим майдон атрофида жойлашган қабул қилувчилар тармоғи орқали тўпнинг реал вақтдаги аниқ жойлашувини, жумладан, дарвоза чизиғидан тўлиқ ўтган-ўтмаганини аниқлайди. Ушбу маълумот бир сониядан кам вақт ичида ҳакам тақиб юрадиган соатга узатилади.

Фото: “УЕФА.cом”

Hawk-Eye тизими

Буюк Британиянинг Hawk-Eye компанияси томонидан ишлаб чиқилган тизим энг муваффақиятли синовлардан ўтган ва етакчи вариант ҳисобланади. Hawk-Eye аввал теннис ва крикетда кенг қўлланилган. Футбол учун мўлжалланган версияси ҳам синовларда юқори натижа кўрсатган.

Фото: “SkySports.com”

Тизим ҳар бир дарвоза чизиғига қаратилган учта камерадан фойдаланади ва улар сониясига 600 кадр тезликда тасвирга олади. Hawk-Eye тўпнинг чизиқдан тўлиқ ўтганини аниқлаб, ярим сония ичида марказий ҳакамга овозли сигнал юборади. АПЛда ҳакамлар наушникдан фойдалангани сабабли сигнал осон узатилади. Бошқа лигаларда эса соат каби қурилмалар ишлатилиши мумкин.

GoalRef тизими

GoalRef тизими Fraunhofer IIS компанияси томонидан ишлаб чиқилган бўлиб, радио частотали магнит майдонларга асосланади. Тизим иккита магнит майдондан иборат: бири дарвоза ҳудудида (дарвозага ўрнатилган ғалтаклар орқали), иккинчиси эса тўп ичига жойлаштирилган пассив электрон схема орқали ҳосил қилинади.

Маълумотлар қайта ишланиб, симсиз тарзда ҳакамнинг соатига узатилади. Натижа реал вақт режимида кўрсатилади ва вибрацион сигнал орқали ҳам огоҳлантирилади.

Фото: “AlJazeera.com”

Синовлар натижасида камера асосидаги тизимлар (Hawk-Eye каби) энг мақбул вариант деб топилди. 2013 йилда ФИФА GoalControl камера тизими Конфедерациялар кубоги-2013 мусобақасида қўлланилишини эълон қилди. Синов муваффақиятли ўтди ва ушбу тизим 2014 йилги Жаҳон чемпионатида ҳам ишлатилди.

GoalControl-4D тизими майдон атрофида жойлаштирилган ва ҳар иккала дарвозага қаратилган 14 та юқори тезликдаги камерадан фойдаланади. 2013 йилда Англия футбол ассоциацияси Hawk-Eye тизими 2013/14 йилги мавсумидан бошлаб АПЛда қўлланилишини маълум қилди.

Кўпик технологияси

Футболдаги яна бир замонавий технология — йўқолиб кетувчи кўпик. У Бразилияда ўтказилган 2014 йилги Жаҳон чемпионатида кенг оммалашди. Технология илк бор 2013 йилги ФИФА U-20, U-17 Жаҳон чемпионатлари ва Клублар ўртасидаги Жаҳон чемпионатида синовдан ўтказилган.

Ҳакам жарима зарбаси вақтида ушбу кўпикни майдонга сепади. У рақиб футболчиларнинг тўпдан қанча масофада туриши кераклигини ва зарба бериладиган нуқтани аниқ кўрсатиб беради.

Фото: “FIFA.cом”

Балон ичидаги суюқлик тахминан 80 фоиз сув ва 20 фоиз бутан газидан, шунингдек, оз миқдордаги сирт фаол моддалардан иборат. Босим пасайганда бутан кенгайиб, сув билан қопланган майда томчилар ҳосил қилади. Кейинчалик бутан буғланиб кетади ва майдонда фақат сув излари қолади. Белгилар тахминан бир дақиқадан сўнг бутунлай йўқолади.

Виртуал офсайд чизиғи (Virtually Offside Line)

ВОЛ (Virtually Offside Line) — бу футболда ВАР тизимига ёрдам бериш мақсадида қўлланиладиган компьютер орқали яратилган виртуал чизиқлардир. У майдон бўйлаб офсайд қарори қабул қилинаётган нуқтада ўтказилган ингичка ва тўғри чизиқ кўринишида намоён бўлади. Ушбу чизиқ одатда ранг билан ажратилади, бу эса уни майдондаги бошқа чизиқлардан фарқлашга ёрдам беради. Тизим такомиллашиб ҳозирда девор шаклида ҳам намойиш этилади.

ВОЛ офсайд ҳолатининг мавжуд ёки мавжуд эмаслигини аниқлаш учун ишлатилади. Ушбу чизиқлар ўйин видеоёзувига интеграция қилинади ва тўп узатилган лаҳзада ҳужум қилаётган футболчининг жойлашуви ҳимоячилар жойлашуви билан солиштирилади.

Фото: “ESPN.cом”

Масалан, виртуал офсайд технологияси 2023 йил 3 сентябрь куни бўлиб ўтган Англия Премьер Лигасининг 2023/2024 йилги мавсуми доирасидаги “Арсенал” ва “Манчестер Юнайтед” ўртасидаги учрашувда қўлланилди. Ушбу технология “МЮ” футболчиси Алехандро Гарначо жуда кичик фарқ билан офсайдда бўлганини аниқлашда ҳал қилувчи рол ўйнади ва натижада унинг урган голи бекор қилинди.

Ушбу янгиликлар футболни замонавийлаштирди, бироқ улар билан бирга спортда технологиянинг келажакдаги ўрни борасида янги саволларни ҳам юзага чиқарди.

Футбол — бу шунчаки натижа эмас, у ҳиссиёт, хотира ва баҳслар билан ёнма-ён юрадиган спорт. Технологиялар жорий этилишидан олдинги футбол айнан мана шу инсоний омил — хатолар, адолатсизликлар ва баҳсли қарорлар билан ўзига хос жозибага эга эди. Диэго Марадонанинг 1986 йилги мундиалда Англия дарвозасига қўл билан урган ва ҳисобга олинган голи ёки Фрэнк Лэмпарднинг 2010 йилги Жаҳон чемпионатида Германия дарвозасига киритиб, аммо ҳисобга олинмаган голи футбол тарихида унутилмас саҳифаларга айланган. Бугун эса бундай ҳолатларни деярли учратмаймиз, чунки ВАР ва голни аниқлаш тизимлари бир неча сония ичида барчасини “фош этмоқда”.

Фото: “TheSun.com”

Бу эса футболнинг эмоционал томонини, мухлисларни йиллар давомида баҳслашишга мажбур қилган лаҳзаларни маълум маънода йўқотди. Ўйин тобора аниқроқ, адолатлироқ, аммо камроқ баҳсли бўлиб бормоқда. Шунга қарамай, масаланинг иккинчи томони ҳам бор: нотўғри ҳакам қарорлари сабабли йиллар давомида азият чеккан жамоалар, футболчилар ва мухлислар нуқтайи назаридан қаралганда, бу технологияларнинг жорий этилиши муқаррар эди.

Хулоса қилиб айтганда, замонавий футбол, адолатни устувор қўя бошлади. Видео такрорлар ёрдамида чиқарилган якуний қарор ҳам оний ҳиссиётларга сабаб бўлмоқда. Эндиликда инсоний қарорлар сабаб умрбод эсланадиган ҳодисага юз бермаслиги мумкин, аммо энг муҳим пайтда ўйин тақдири ҳақиқат асосида ҳал бўлаётгани футболнинг янги даврга қадам қўйганидан далолат беради.

Farg‘ona viloyati Bog‘dod tumanida tug‘ilganman. Jurnalistika va ommaviy kommunikatsiyalar universiteti Sport jurnalistikasi fakultetini tamomlaganman. “Daryo”da 2025-yil dekabr oyidan beri sport muxbiri lavozimida ishlayman va maxsus videomateriallar, tarjima maqolalar hamda xabarlar tayyorlayman. Sevimli filmim “Forrest Gamp”. “Shamol ortidan yugurib” (Xolid Husayniy) romanini yaxshi koʻraman.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар