Daryo

Исроил БМТнинг 7 та агентлиги билан алоқаларни узди

Қуддус ташкилотларни холисликни йўқотганликда айблади.

2 дақиқа ўқиш2 217 кўришлар0 изоҳ2

Исроил ташқи ишлар вазири Гидеон Саар 13 январь куни мамлакат БМТнинг 7 та агентлиги ва унга қарашли тузилмалар таркибидан чиқишини эълон қилди. Бу ҳақда The Jerusalem Post хабар берди.

Қуддус ушбу қарорини мазкур ташкилотларнинг Исроилга нисбатан адоватли муносабати ҳамда “самарасиз бюрократия” билан изоҳлади. Яҳудий давлати дарҳол кучга кирадиган тартибда қуйидаги 7 та тузилма билан алоқаларни узди:

1. БМТ бош котибининг болалар ва қуролли можаролар бўйича махсус вакили идораси;

2. БМТнинг гендер тенглиги ва хотин-қизлар ҳуқуқларини кенгайтириш бўйича тузилмаси;

3. БМТнинг савдо ва тараққиёт бўйича конференцияси;

4. БМТнинг Ғарбий Осиё бўйича иқтисодий ва ижтимоий комиссияси;

5. БМТ Цивилизациялар альянси;

6. БМТ Энергетика;

7. Миграция ва тараққиёт бўйича глобал форум.

“Қора рўйхат” ва эътиборсизлик

Исроил ТИВ баёнотида қайд этилишича, Болалар ва қуролли можаролар бўйича идора Исроил мудофаа армиясини (САХАЛ) ўзининг йиллик ҳисоботида “қора рўйхат”га киритгани сабабли ҳамкорлик тўхтатилган. Исроил ушбу идора билан алоқаларни амалда 2024 йил июнидаёқ узган эди.

Шунингдек, БМТнинг аёллар бўйича тузилмаси 2023 йил 7 октябрь воқеалари пайтида исроиллик аёлларга нисбатан содир этилган жинсий зўравонлик ҳолатларини “атайлаб эътиборсиз қолдиргани” учун жазоланмоқда.

Савдо ва тараққиёт агентлиги ҳамда Ғарбий Осиё бўйича комиссия Исроилга қарши шафқациз ҳисоботлар тайёрлашда, Цивилизациялар альянси эса Исроилга ҳужум қилиш платформасига айланганликда айбланди. БМТ Энергетика “исрофгарчилик ва самарасиз бюрократия” намунаси деб аталган бўлса, Миграция форуми суверен давлатларнинг иммиграция қонунларини қўллаш имкониятига путур етказаётгани айтилади.

UNRWA билан зиддият ва кадрлар масаласи

Исроил узоқ вақтдан бери БМТни холис эмасликда айблаб келади. Қайд этилишича, ташкилотда Исроилга қарши қабул қилинадиган резолюциялар сони дунёнинг қолган барча давлатларига қарши резолюциялардан кўпдир.

Айниқса, БМТнинг Яқин Шарқдаги Фаластин қочқинларига ёрдам кўрсатиш агентлиги (UNRWA) агентлиги билан муносабатлар ўта таранг. Исроил ушбу агентликни ҲАМАС билан ҳамкорлик қилиш ва мактабларда Исроилга нисбатан нафрат уйғотишда айблаб, унинг ўз ҳудудида фаолият юритишини тақиқлаб қўйган. Шунингдек, 2025 йилда Ғазодаги камида учта БМТ агентлиги раҳбарларининг визаси узайтирилмаган.

Глобал контекст

Мазкур воқеалар фонида, ўтган ҳафта АҚШ президенти Дональд Трамп ҳам Қўшма Штатларни жами 66 та халқаро ташкилот ва шартномалардан (уларнинг ярми БМТга қарашли) чиқаришини эълон қилган эди. Трамп уларни АҚШ манфаатларига зид ҳаракат қилишда айблаган.

Исроил Ташқи ишлар вазирлиги келгусида БМТнинг бошқа агентликлари билан алоқаларни ҳам қайта кўриб чиқишини қўшимча қилди. Маълумот ўрнида, Исроил Ғазо сектори ва босиб олинган Ғарбий Соҳилда фаолият юритаётган 37 та ёрдам ташкилотининг лицензиясини бекор қилганди. Лицензияси тўхтатиладиган ташкилотлар орасида ActionAid,
International Rescue Committee ва Norwegian 
Refugee Council 
аби йирик халқаро ноҳукумат ташкилотлар бўлган.

Мирзаева Дилафрўз Сафар қизи. 1999 йилда Тошкент вилоятида таваллуд топган. Миллати — ўзбек. 2024 йилда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг Синхрон таржима йўналиши магистр босқичини тамомлаган.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар