Daryo

Сурия Башар Асад давридан қолган кимёвий қуролларни йўқ қилишни бошлади

БМТ кўмагида амалга оширилаётган амалиёт давомида май ойида топилган заҳарли моддалар ва ишлаб чиқариш иншоотлари йўқ қилинмоқда. 42 та авиабомба батамом йўқ қилингани тасдиқланди. Мамлакат расмийси халқаро мажбуриятларни бажаришга Исроил халақит бераётганини айтди.

2 дақиқа ўқиш3 881 кўришлар0 изоҳ0

Сурия май ойида топилган Башар Асад даврига оид махфий кимёвий қурол дастури қолдиқларини йўқ қилишни бошлади. Бу ҳақда 3 сентябрь куни БМТ вакили маълум қилди. Мамлакатда сўнгги ўн йил ичида биринчи марта бундай қуроллар йўқ қилинмоқда.

Май ойида Reuters агентлиги Суриянинг президент Аҳмад аш-Шараа бошчилигидаги янги раҳбарияти Башар Асаднинг кимёвий қурол дастури қолдиқларини топгани ҳақида хабар берган эди. Топилган ашёлар орасида хом ашё ва фуқаролар уруши пайтида ишлатилган қуролларга ўхшаш ўқ-дорилар бор эди.

БМТнинг Қуролсизланиш масалалари бўйича олий вакили Изуми Накамицу 3 сентябрь куни Хавфсизлик Кенгашидаги брифингда бу ҳақда гапирди. Унинг таъкидлашича, Кимёвий қуролларни тақиқлаш ташкилоти 2014 йилдан бери биринчи марта Сурияда кимёвий ўқ-дорилар йўқ қилинганини тасдиқлади.

Накамицунинг айтишича, май ойидаги топилмадан кейин Сурия яна битта кимёвий қурол ишлаб чиқарувчи иншоотни, асаб тизимига таъсир этувчи моддалар тайёрлашда ишлатиладиган янги кимёвий моддани ва бўш кимёвий ўқ-дориларни топган. Шунингдек, ушбу объектлар сақланган иккита кимёвий қурол омбори ҳам рўйхатга олинган.

Август ойида “Кимёвий қуролларни тақиқлаш” ташкилоти мутахассислари учинчи тоифадаги кимёвий қуроллар йўқ қилинганини текшириш учун Сурияга борган эди. Бу тоифага заҳарли модда тўлдирилмаган ўқ-дорилар ва бошқа ускуналар киради. Накамицунинг билдиришича, гуруҳ 42 та авиабомба қайта тиклаб бўлмайдиган даражада йўқ қилинганини тасдиқлаган.

Суриянинг БМТдаги элчиси Иброҳим Олаби Кенгашда чиқиш қилиб, Сурия бу ишлар орқали минтақани ва дунёни хавфдан ҳамда таҳдиддан қутқараётганини айтди. Шу билан бирга, у Исроилни кескин танқид қилди. Элчининг таъкидлашича, Исроилнинг кетма-кет ҳужумлари қидирув ва йўқ қилиш ишларига халақит берган ҳамда суриялик мутахассислар ҳаётини хавфга қўйган.

“Исроил ҳужумлари хавф солаётган бир пайтда минтақа хавфсизлигини таъминлай олмаймиз. Улар минтақа хавфсизлигини менсимаяпти ҳамда халқаро конвенция ва шартномаларни бузмоқда”, деди Олаби.

Исроил ҳарбийлари бу баёнотга дарҳол муносабат билдирмади. Олаби, шунингдек, Сурия кимёвий қурол дастурига алоқадорликда гумон қилинган шахслар бўйича биринчи суд мажлисига тайёргарлик кўраётганини айтди.

2026 йил бошида Сурия расмийлари Асаднинг кимёвий қурол дастурига алоқадорликда гумон қилинган 18 кишини ҳибсга олган эди. Улар орасида юқори лавозимли ҳарбий, сиёсий ва техник мутахассислар бор.

Аввалроқ АҚШ Сурияни терроризм ҳомийлари рўйхатидан олиб ташлагани ҳақида хабар берилганди. Қарор чиқарилиши билан дарҳол кучга кирган ва мамлакатга нисбатан барча чекловлар бекор қилинган. Эндиликда халқаро молия ва банк тизими Сурия билан ҳамкорликни тиклаши мумкин. Дамашқ бу билан мамлакатга сармоя киритиш йўлидаги охирги катта тўсиқ олиб ташланганини билдирди.

Мирзаева Дилафрўз Сафар қизи. 1999 йилда Тошкент вилоятида таваллуд топган. Миллати — ўзбек. 2024 йилда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг Синхрон таржима йўналиши магистр босқичини тамомлаган.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар