Daryo

Араб давлатлари Трампни Эронга зарба беришдан тийилишга чақирди

АҚШ ушбу давлатларни Теҳронга қарши эҳтимолий зарбаларга тайёр туриш ҳақида огоҳлантирган эди. Аммо мамлакатлар Эрон режимини ағдаришга уриниш нефть бозорларини издан чиқариши ва якунда Қўшма Штатлар иқтисодиётига зарар етказишини билдирди.

2 дақиқа ўқиш17 028 кўришлар0 изоҳ9

Саудия Арабистони бошчилигидаги Араб давлатлари, хусусан,  Уммон ва Қатар АҚШ расмийларидан Теҳронга ҳужум қилишдан тийилишни сўради. Бу ҳақда Форс кўрфази мамлакатлари расмийларига таяниб, The Wall Street Journal 13 январь куни хабар берди.

АҚШ ушбу давлатларни Эронга қарши эҳтимолий зарбаларга тайёр туриш кераклиги ҳақида огоҳлантирганидан сўнг, мазкур мамлакатлар Вашингтонга ўз муносабатини билдирди.

Иқтисодий хавфлар ва нефть бозоридаги хавотир

Саудия Арабистони, Уммон ва Қатар вакиллари Оқ уйга Эрон режимини ағдаришга уриниш нефть бозорларини издан чиқариши ва якунда АҚШ иқтисодиётига зарар етказиши ҳақида маълум қилган. Араб давлатлари, шунингдек, Эронга бериладиган зарбалар оқибатида Хормуз бўғози орқали ўтувчи нефть танкерлари ҳаракати тўхтаб қолишидан хавотирда.

Нашр манбаларига кўра, Саудия Арабистони расмийлари Теҳронга эҳтимолий можарода иштирок этмасликларини тасдиқлаган. Хусусан, Риёд АҚШга Эронга зарба бериш учун ўз ҳаво ҳудудидан фойдаланишга рухсат бермаслигини маълум қилган. Ҳозирча Саудия Арабистони, Уммон ва Қатар расмийлари журналистларнинг мавзу юзасидан изоҳ бериш сўровларига жавоб қайтармаяпти.

АҚШнинг режалари ва вазиятнинг кескинлашуви

АҚШ маъмурияти Эронда намойишларнинг шафқатсизларча бостирилиши сабабли Теҳронга қарши бир неча вариантларни кўриб чиқмоқда. Трамп маъмурияти ҳозирча қандай ҳарбий ҳаракатлар тайёрланаётганига аниқлик киритмаган бўлса-да, WSJ’га кўра, вариантлар орасида қуйидагилар бор:

  • ҳарбий зарбалар;
  • киберҳужумлар;
  • янги санкциялар.

АҚШ расмийларининг сўзларига кўра, Трамп ҳали якуний қарорга келмаган ва ёрдамчилари билан ҳаракатлар режасини муҳокама қилмоқда. Айни пайтда Вашингтон ўз фуқароларини ва иттифоқчи давлатлар фуқароларини Эронни тарк этишга чақирган.

Эрондаги тартибсизликлар

Эрон бўйлаб ҳукуматга қарши норозилик намойишлари 2025 йил 28 декабрь куни бошланган эди. Сўнгги маълумотларга кўра, намойишлар бошланганидан бери тахминан 2 минг киши ҳалок бўлган. Қўшма Штатларда жойлашган HRANА ҳуқуқни муҳофаза қилиш ташкилоти эса 2003 кишининг ўлими тасдиқланганини маълум қилди. Улардан 1850 нафари намойишчилар, қолгани эса хавфсизлик ходимларидир. Бундан ташқари, яна 16784 нафар эронлик ҳибсга олинган.

Шу воқеалар фонида Трамп Эрон билан савдо қилаётган давлатлар маҳсулотларига 25 фоизлик божлар жорий этилишини маълум қилганди. У, шунингдек, эронликларни ҳукуматга қарши намойишларни давом эттиришга чақириб, ёрдам йўлдалигини айтган. Бироқ гап қандай кўмак ҳақида гап кетаётганини очиқламаган.

Мирзаева Дилафрўз Сафар қизи. 1999 йилда Тошкент вилоятида таваллуд топган. Миллати — ўзбек. 2024 йилда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг Синхрон таржима йўналиши магистр босқичини тамомлаган.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар