Венесуэла ҳукумати 12 январь куни ўтган ҳафтада бошланган оммавий афв доирасида шу вақтга қадар 116 нафар сиёсий маҳбус озод қилинганини маълум қилди. Бу ҳақда France 24 хабар берди.
Мазкур жараён АҚШ махсус кучларининг Каракасдаги рейди давомида президент Николас Мадуро қўлга олинганидан сўнг Вашингтоннинг кучли босими остида амалга оширилмоқда.
“Конституциявий тартибни бузганлар” афв этилмоқда
“Ушбу чоралар конституциявий тартибни бузиш ва мамлакат барқарорлигига путур етказиш билан боғлиқ ҳаракатлар учун озодликдан маҳрум этилган шахсларга нисбатан қўлланилган”, дейилади Венесуэла Жазони ижро этиш хизмати вазирлиги баёнотида.
Маҳбусларнинг аксарияти Мадуро қайта сайланган 2024 йилдаги баҳсли сайловлардан кейинги норозилик намойишларида иштирок этгани учун қамоққа олинган эди. Ҳозирда мамлакат муваққат президенти Делси Родригес, гарчи у илгари Мадуронинг содиқ иттифоқчиси бўлган бўлса-да, Вашингтон билан бир неча йўналишда музокаралар олиб бормоқда. Оқ уй эса Каракаснинг улкан нефть захираларидан фойдаланиш имкониятини кўриб чиқмоқда.
АҚШ президенти Дональд Трамп 11 январь куни Делси Родригес билан учрашувга тайёрлигини ва унинг маъмурияти билан ҳамкорлик жуда яхши кетаётганини маълум қилган. Жума, 9 январь куни АҚШ вакиллари Каракасга ташриф буюриб, етти йил аввал узилган дипломатик алоқаларни тиклаш ва элчихонани қайта очиш масаласини муҳокама қилган.
БМТнинг фактларни аниқлаш миссияси 116 нафар одамнинг озод қилиниши Венесуэланинг халқаро мажбуриятларидан анча йироқ эканини ва барча сиёсий маҳбуслар (жами 800 тадан 1200 тагача деб тахмин қилинади) зудлик билан қўйиб юборилиши кераклигини таъкидламоқда.
Мария Корина Мачадо Вашингтонга йўл олмоқда
Венесуэла мухолифати етакчиси, 2025 йилда Нобель Тинчлик мукофоти совриндори бўлган Мария Корина Мачадо 12-январь куни Ватиканда Рим папаси Лео билан учрашув ўтказди. 2024 йилги сайловлардан сўнг бир йилдан ортиқ яшириниб юрган Мачадо шу ҳафтада Вашингтонга ташриф буюриб, Трамп билан учрашиши кутилмоқда.
Қайд этиш жоизки, Трамп Мачадони муваққат етакчи сифатида тан олишдан бош тортган. У буни Нобель мукофотининг ўзига бағишланмагани билан изоҳлаган. Айни пайтда, Нобель қўмитаси мукофотни Трампга беришни маън этган.








