Daryo

Эрондаги намойишларда ҳалок бўлганлар сони 12 минг нафарга етди — Iran International

Уларнинг аксарини 30 ёшгача бўлганлар ташкил этади.

2 дақиқа ўқиш9 790 кўришлар0 изоҳ1

Эрон ҳукумати мамлакатда давом этаётган намойишларни бостириш учун мисли кўрилмаган куч ишлатмоқда. Сўнгги маълумотларга кўра, бир неча кун ичида амалга оширилган қирғин оқибатида камида 12 минг киши ҳалок бўлган. Бу ҳақда махфий манбалар ва гувоҳлар кўрсатмаларига, ўтказилган суриштирувига асосланиб Iran International хабар берди.

Ҳақиқатни яшириш учун “ахборот қамали”

Ҳозирда Эрон ҳукумати нафақат хавфсизликни назорат қилиш, балки содир этилаётган жиноятларни дунёдан яшириш учун интернет “блокада” тизимини жорий этган. Алоқа воситалари чекланган, ОАВ фаолияти тўхтатилган.

Мамлакат ичидаги юзлаб миллий ва маҳаллий газеталар 8 январдан буён сукут сақламоқда. Ҳозирда фақат давлат телерадиокомпанияси (Эрон Ислом Республикаси радиоэшиттириши) ва хавфсизлик идоралари назорати остидаги саноқли нашрларгина ишламоқда.

Тарихдаги энг йирик қирғин

Iran International таҳририяти Олий миллий хавфсизлик кенгаши, президент администрацияси, “Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси” ҳамда тиббиёт ходимлари ва гувоҳлардан олинган маълумотларни таҳлил қилиб, қуйидаги хулосаларга келди:

  • Эроннинг замонавий тарихидаги энг йирик қирғин асосан 8 ва 9 январь (пайшанба ва жума) кунлари амалга оширилган. Унда камида 12 000 киши ҳаётдан кўз юмган.
  • Бу тасодифий тўқнашувлар эмас, балки тўлиқ ташкиллаштирилган қирғин бўлган. Қурбонларнинг аксарияти 30 ёшгача бўлганлардир.
  • Маълумотларга кўра, ўт очиш ҳақидаги буйруқ бевосита олий раҳнамо Оятуллоҳ Али Хоманаий томонидан берилган. Ҳукуматнинг барча учта бўғини раҳбарлари ушбу режадан хабардор бўлган ва уни маъқуллаган.
  • Намойишчиларга қарши асосан “Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси” ва “Басиж” кўнгиллилар бўлинмаси кучлари ўт очган.

Суриштирув давом этмоқда

“Бу шунчаки ‘инқирозни бошқариш’ эмас, балки ҳақиқат фош бўлишидан қўрқишдир”, дейилади хабарда.

Хавфсизлик идоралари қурбонлар сонини расман қайд этишдан ва эълон қилишдан қатъий бош тортмоқда. Эрондаги намойишлар иқтисодий қийинчиликларга қарши норозилик сифатида бошланиб, қисқа вақт ичида бутун мамлакатни қамраб олди ва сиёсий тус олди. Шу билан бу намойишлар Ислом Республикаси тарихидаги энг жиддий инқирозга айланди. Бундан олдин ушбу ҳодисалардан ҳалок бўлганлар сони 500 дан ошгани ҳақида хабар берилганди.



Мирзаева Дилафрўз Сафар қизи. 1999 йилда Тошкент вилоятида таваллуд топган. Миллати — ўзбек. 2024 йилда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг Синхрон таржима йўналиши магистр босқичини тамомлаган.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар