Daryo

Молдова президенти Руминия билан бирлашишни ёқлади

Майя Санду бу борада референдум ўтказилган тақдирда, бирлашиш учун овоз беришини айтди. У буни кучайиб бораётган Россия таҳдиди билан изоҳлади.

1 дақиқа ўқиш5 311 кўришлар0 изоҳ3

Молдова президенти Майя Санду агар Руминия билан бирлашиш бўйича референдум ўтказилган тақдирда, ушбу ташаббусни қўллаб-қувватлашини маълум қилди. Бу ҳақда Reuters хабар берди.

Президентнинг таъкидлашича, Европа Иттифоқи ва НАТО аъзоси бўлган қўшни Руминия билан бирлашиш Молдованинг “нозик” демократиясини Россия босимидан ҳимоя қилишга ёрдам беради.

“Кичик давлат учун яшаб қолиш қийинлашмоқда”

2025-йилнинг сентябрь ойида бўлиб ўтган сайловларда янги мандатга сайланган Майя Санду Россияни мамлакат ички ишларига аралашишда бир неча бор айблаб келган.

“Агар референдум бўлганида, мен Руминия билан бирлашиш учун овоз берган бўлардим. Дунёда нималар бўлаётганига эътибор беринг. Молдова каби кичик давлат учун демократия сифатида, суверен мамлакат сифатида яшаб қолиш ва, албатта, Россияга қаршилик кўрсатиш борган сари қийинлашмоқда”, деди Санду 11 январь куни эълон қилинган интервьюсида.

Жамиятдаги кайфият ва ЕИга интеграция

Маълумотларга кўра, қарийб 1,5 миллион молдовалик Руминия фуқаролигига эга. Бироқ сўнгги сўровномалар аҳолининг фақат учдан бир қисми икки давлатнинг қайта бирлашишини қўллаб-қувватлашини кўрсатган.

Санду кўпчилик молдоваликлар унинг бу позициясини маъқулламаслигини тан олиб, ҳозирги шароитда Европа Иттифоқига интеграциялашиш “реалроқ мақсад” эканини қўшимча қилди. Молдова ҳукумати 2030 йилгача ЕИга аъзо бўлишни режалаштирмоқда, аммо бунинг учун Россия қаршилиги фонида қийин ислоҳотларни амалга ошириши лозим.

Украина билан ҳам чегарадош бўлган Молдова икки жаҳон уруши оралиғидаги даврда Руминия таркибида бўлган. Иккинчи жаҳон уруши вақтида Совет Иттифоқи томонидан аннексия қилинган ва 1940 йилдан Иттифоқ республикасига айлантирилган. Мамлакат 1991 йилда, СССР парчаланиши ортидан ўз мустақиллигига эришган.

Мирзаева Дилафрўз Сафар қизи. 1999 йилда Тошкент вилоятида таваллуд топган. Миллати — ўзбек. 2024 йилда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг Синхрон таржима йўналиши магистр босқичини тамомлаган.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар