Daryo

“Мен ўзимни ҳарбий асир деб ҳисоблайман” — Мадуро судда айбловларни тан олмади

63 ёшли Мадуро Нью Йорк федерал судида тўртта жиноий банд бўйича, жумладан, наркотерроризм, кокаин импорти учун фитна уюштириш ҳамда пулемёт ва портловчи қурилмаларга эгалик қилишда айбланмоқда.

1 дақиқа ўқиш14 664 кўришлар0 изоҳ6

Бугун, 5 январь куни Венесуэланинг ағдарилган президенти Николас Мадуро Нью Йорк Шаҳрида суд қилинди. Унда Мадуро ўзининг айбсизлигини айтди. Бу ҳақда Reuters хабар берди.

АҚШ махсус кучлари томонидан 3 январь куни қўлга олинган Николас Мадуро федерал судда ўзига нисбатан қўйилган наркотерроризм айбловларини тан олмади. 63 ёшли Мадуро Нью Йорк федерал судида тўртта жиноий банд бўйича, жумладан, наркотерроризм, кокаин импорти учун фитна уюштириш ҳамда пулемёт ва портловчи қурилмаларга эгалик қилишда айбланмоқда. Мадуронинг рафиқаси Силия Флорес ҳам судда ўзига қўйилган айбловларни тан олмади.

“Мен Венесуэла президентиман. Мен ўзимни ҳарбий асир деб ҳисоблайман. Мени Каракасдаги уйимда қўлга олишди”, дея Мадуронинг сўзларини келтирди Reuters.

Улар иккиси ҳам суд залига оёқларида кишан билан, аммо қўллари бўш ҳолда кириб келди. Мадуронинг юридик вакили сифатида Жулиан Ассанжнинг манфаатларини ҳимоя қилган адвокат кўрсатилмоқда. Федерал суд ҳужжатларига кўра, Мадуро адвокат Барри Жоэл Поллакни ёллаган. Поллак WikiLeaks асосчиси Жулиан Ассанжнинг манфаатларини ҳимоя қилгани билан машҳур.

Прокуратура маълумотларига кўра, Мадуро Мексиканинг Синалоа ва Зетас картеллари, Колумбиянинг FARC исёнчилари ва Венесуэланинг Трен де Арагуа жиноий гуруҳи билан ҳамкорликда ишловчи кокаин контрабандаси тармоғига раҳбарлик қилган. Суд якунида судья Мадуронинг ишини 17 март куни қайта кўриб чиқишини маълум қилди.

Маълумот ўрнида, АҚШ 3 январь куни тонгда Венесуэлага ҳужум қилди. Америка раҳбари Дональд Трамп ҳужумдан бир неча соат ўтгач, Вашингтон президент Николас Мадуро ва унинг рафиқаси Силия Флоресни ҳам қўлга олиб, мамлакатдан олиб чиқиб кетганини билдирди.



Мирзаева Дилафрўз Сафар қизи. 1999 йилда Тошкент вилоятида таваллуд топган. Миллати — ўзбек. 2024 йилда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг Синхрон таржима йўналиши магистр босқичини тамомлаган.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар