Daryo

Сурияда Асад давридаги оммавий қабр бўйича тергов очилди

Амалдаги ҳукумат Дамашқ яқинидаги чўлда жойлашган оммавий қабрни ўрганиш учун махсус тергов гуруҳини тузди ва ҳудудни ҳарбий назоратга олди. 2027-йилда бошланиши кутилаётган эксгумация ишлари орқали бедарак йўқолганлар тақдирига ойдинлик киритиш режалаштирилди.

2 дақиқа ўқиш5 828 кўришлар0 изоҳ1

Суриянинг амалдаги ҳукумати Башар Асад диктатураси даврида содир этилган жиноятларни яшириш мақсадида яратилган оммавий қабрни қўриқлашга аскарларни сафарбар қилди ва жиноий иш очди. Бу ҳақда Al Arabiya хабар берди.

Гап пойтахт Дамашқ шарқида жойлашган Думаир чўлидаги махфий объект ҳақида бормоқда. Reuters суриштирувларига кўра, Асад режими ўз жиноятларини яшириш мақсадида минглаб жасадларни бу ерга яширинча кўчирган.

2018-йилда, Асад фуқаролар урушида ғалаба қозонишга яқин бўлган ва халқаро ҳамжамиятда ўз нуфузини тиклашга уринган бир пайтда, Дамашқ чеккасидаги Қутайфа шаҳрида жойлашган оммавий қабрларни йўқ қилиш бўйича президент саройидан буйруқ берилган.

Махфий режа доирасида 2019-йилдан 2021-йилгача, ҳафтасига тўрт кеча давомида юк машиналари Қутайфадан минглаб жасадларни ковлаб олиб, Думаир чўлидаги ҳарбий омбор ҳудудига ташиган. Ушбу логистика жараёнларига полковник Мазен Исмандер бошчилик қилган. Жасадларни ташиган юк машиналарини таъмирлаган механик Аҳмед Ғазал полицияга берган кўрсатмасида ушбу мудҳиш жараённинг барча тафсилотларини сўзлаб берган.

Янги ҳукумат назорати остидаги объект

Асад режими ағдарилгач (2024 йил декабрь), Думаир чўлидаги ушбу ҳудудда янги назорат пункти ўрнатилди. Эндиликда объектга кириш учун Мудофаа вазирлигидан махсус рухсатнома талаб қилинмоқда. Ноябрь ойидан бошлаб бу ерда ҳарбий ҳаракатлар қайта тикланган ва объект қурол-яроғ омбори сифатида ҳам фойдаланилмоқда. Reuters таҳлил қилган сунъий йўлдош тасвирлари ҳам ноябрь ойи охиридан бошлаб асосий база ҳудудида техникалар ҳаракати фаоллашганини тасдиқламоқда.

Эксгумация ишлари 2027-йилда бошланади

Бедарак йўқолганлар бўйича миллий комиссия ҳозирда халқаро стандартларга жавоб берадиган лабораториялар ташкил этиш ва мутахассисларни тайёрлаш билан банд. Комиссия вакилларининг сўзларига кўра, Думаир ва мамлакатнинг бошқа ҳудудларидаги оммавий қабрларни очиш (эксгумация) ишлари 2027-йилга режалаштирилган.

“Биз ҳозирда Асад даврида ушбу жиноятларга алоқадор бўлган гумонланувчилар ҳақидаги маълумотларни хавфсизлик хизматлари қўлга киритган архив ҳужжатлари билан солиштирмоқдамиз”, деди туман прокурори, судья Заман ал-Абдулла.

Ҳозирда полиция гувоҳларни сўроқ қилиш, ҳудудни суратга олиш ва ер ўлчов ишларини якунлаган. Reuters суриштируви доирасида коинотдан олинган тасвирлар ва дрон ёрдамида олинган суратлар тупроқ таркиби ва ранги ўзгарганини кўрсатиб, жасадлар кўчирилганини исботловчи далил сифатида терговга тақдим этилган.

Мирзаева Дилафрўз Сафар қизи. 1999 йилда Тошкент вилоятида таваллуд топган. Миллати — ўзбек. 2024 йилда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг Синхрон таржима йўналиши магистр босқичини тамомлаган.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар