Нигериядаги масжидда 24 декабрь куни кечки намоз вақтида портлаш содир бўлди. Ҳодиса оқибатида камида 7 киши ҳалок бўлди, 35 киши жароҳатланди. Бу ҳақда Al Jazeera хабар берди.
Портлаш маҳаллий вақт билан тахминан соат 18:00 да Борно штатидаги Маидугури шаҳрида содир бўлди. Полиция матбуот котиби Наҳум Дасо ҳодисани тасдиқлаб, масжид жойлашган Гамбору бозорида портловчи моддаларни зарарсизлантириш бўйича махсус гуруҳ иш олиб бораётганини айтди.
- Қурбонлар сони борасида маълумотлар турлича
Полиция вакилларига кўра, ҳодиса оқибатида беш киши ҳалок бўлган. Бироқ масжид раҳбари Малам Абуна Юсуф камида саккиз киши ўлганини маълум қилди. Маҳаллий милиция етакчиси Бабакура Коло эса бу рақамни еттига етказган. Портлаш сабаби ҳозирча аниқланмаган. Аммо ҳодиса сўнгги қарийб 20 йил давомида Боко Ҳарам ва унинг ҳудуддаги бўлинмалари фаол бўлган минтақада юз берди.
БМТ маълумотларига кўра, 2009-йилдан буён давом этаётган қуролли тўқнашувлар камида 40 минг кишининг ҳаётига зомин бўлган, қарийб икки миллион одам эса ўз уй-жойини тарк этишга мажбур бўлган. Сўнгги йилларда зўравонликлар камайганига қарамай, улар қўшни Нигер, Чад ва Камерун ҳудудларига ҳам ёйилган. Сўнгги йилларда нисбатан осойишта бўлиб келаётган Маидугури шаҳрида охирги йирик ҳужум 2021-йилда қайд этилган.
Боко Ҳарам 2009-йилда Борно штатида қўзғолон бошлаган бўлиб, унинг мақсади исломий халифалик барпо этиш эди. Ҳарбий амалиётлар ва минтақавий ҳамкорликка қарамай, Нигериянинг шимоли-шарқий ҳудудларида вақти-вақти билан содир бўлаётган ҳужумлар тинч аҳоли хавфсизлигига ҳануз таҳдид солмоқда.








