Индонезия пойтахти Жакартадаги масжидда 7 ноябрь куни портлаш юз берди. Оқибатда 50 дан ортиқ одам жароҳатланди. Бу ҳақда Reuters хабар берди.
Портлашдан сўнг ўнлаб одамлар шифохонага олиб кетилган. Ҳодиса жума намози вақтида Келапа Гадинг шаҳридаги мактаб мажмуаси ичидаги масжидда содир бўлган. Шаҳар полицияси бошлиғи Асеп Эди Суҳерий портлаш сабаблари ўрганилаётганини айтди.
“54 киши енгил ва оғир, шу жумладан куйиш жароҳатлари билан касалхонага ётқизилган”, деди у.
“Ваъз эндигина бошланган эди, бирданига кучли портлаш овозини эшитдик. Хона тез орада тутун билан тўлди. Ўқувчилар югуриб чиқди — баъзилари йиғларди, бошқалари эса ваҳимага тушиб йиқилди”, деди масжидда бўлган математика ўқитувчиси Буди Лаксоно.
Жабрланганларнинг кўпчилиги шиша парчалари ва товуш тўлқинларидан енгил тан жароҳати олган. Ярадорлар дастлабки тиббий ёрдам олиш учун Келапа Гадинг тумани клиникасига етказилган.
Терговчилар электр қисқа туташуви ёки электрон қурилма носозлиги каби бир неча эҳтимолий вариантларни кўриб чиқмоқда. Шу билан бирга, воқеа жойи яқинидан шубҳали нарсалар — қўлбола портловчи қурилмага ўхшаш қисмлар, масофадан бошқариш пулти, ҳамда пневматик ва револвер типидаги қуролларни ҳам топган. Полиция тергов давом этаётгани ва далиллар мутахассислар томонидан ўрганилаётганини билдирди.








