Туркиянинг “Фенербаҳче” клуби президенти Садеттин Саран топширган наркотик моддалар бўйича тест ижобий натижа кўрсатди. Бу ҳақда TRT Haber нашри хабар берди.
Маълум қилинишича, Саран хорижий сафардан қайтгач дарҳол сўроқ учун чақирилган. Манбанинг аниқлик киритишича, наркотик модда излари унинг сочларида аниқланган, бироқ унинг қонида бундай моддалар аниқланмаган. Тегишли хужжатлар Истанбул прокуратурасига юборилган.
“‘Фенербаҳче’ президенти Садеттин Саран топширган наркотест натижалари ижобий чиқди”, дейилади TRT Haber нашрида.
Ўтган ҳафта Туркияда гиёҳванд моддалар савдоси бўйича олиб борилаётган тергов доирасида Ҳабертüрк телеканалининг бош муҳаррири ва таниқли телебошловчи Меҳмет Акиф Эрсой ҳибсга олинганди. Уларда ҳам наркотик моддалар бўйича тест ижобий чиққан, бироқ Эрсой айбловларни инкор этган.
Қайд этилишича, Туркияда бундай амалиётлар жорий йил октябрь ойидан буён давом этмоқда. Бошланган терговлар доирасида бир қатор актёр ва блогерлар қўлга олинган, уларнинг айримларининг қони ва сочларида наркотик моддалар излари аниқланган.
Маълумот учун, айни пайтда “Фенербаҳче” Туркия Суперлигаси турнир жадвалида 39 очко билан иккинчи поғонани эгаллаб турибди. Клуб чемпионатдаги асосий рақобатчиси “Галатасарой”дан 3 очкога ортда қолмоқда.








