Daryo

Ким Чен ин қизи билан янги очилган меҳмонхоналарга борди (видео)

Бу меҳмонхоналар Хитой чегараси яқинидаги туристик зонада жойлашган. Ким Чен Ин объектлар “мамлакат ривожланаётгани”га мисол эканини айтди.

1 дақиқа ўқиш5 627 кўришлар0 изоҳ1

Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин мамлакат шимоли-шарқидаги туристик зонада янги меҳмонхоналарнинг очилиш маросимида иштирок этди. Бу ҳақда корейс давлат нашри KCNA хабар берди.

КХДР етакчисига ушбу тадбирда қизи Жу Аэ ҳамроҳлик қилди. Давлат оммавий ахборот воситалари томонидан эълон қилинган фотосуратларда Ким Чен Иннинг қизи билан бирга ҳашаматли меҳмонхоналарни кўздан кечираётгани акс этади. Маълумот ўрнида, бир қатор таҳлилчилар ўсмир ёшдаги Жу Аэни мамлакатнинг бўлажак раҳбари сифатида кўрмоқда.

20-21 декабрь кунлари Хитой билан чегара яқинидаги Самжиён туристик зонасида жами бешта меҳмонхона ўз эшикларини очган. Хусусан, 21 декабрь куни Собексу, Чонгбонг ва Потнаму меҳмонхоналарининг тантанали очилиш маросимлари бўлиб ўтган. Тадбирда сўзга чиққан Ким Чен Ин мазкур лойиҳаларнинг аҳамиятини юқори баҳолаган.

“Ушбу меҳмонхоналар халқимиз мақоми юксалиб бораётганининг ва мамлакатимиз ривожланиш салоҳиятининг яққол исботидир”, деган КХДР раҳбари.

Шимолий Корея етакчиси сўнгги бир ой ичида турли объектларнинг очилиш маросимларида фаол иштирок этмоқда. Масалан, ўтган ҳафтанинг ўзида у учта минтақавий заводнинг очилишида қатнашган.

Бундай фаоллик 2026-йилнинг бошига режалаштирилган Меҳнат партиясининг навбатдаги съезди билан боғлиқ. Беш йилда бир марта ўтказиладиган ушбу съездда мамлакатнинг келгуси беш йиллик ривожланиш режаси эълон қилиниши кутилмоқда. Нодон Синмун каби давлат нашрлари халқни ушбу муҳим анжуман олдидан йирик лойиҳаларни якунлаш учун бор куч-ғайратни сафарбар этишга чақирмоқда.

Маълумот ўрнида, июнь ойида Шимолий Корея тарихида биринчи марта ўзининг пляж курортини очиши ҳақида хабар берилган эди. Мамлакат раҳбари ўшандан буён туризм соҳаси ривожлантирилишини маълум қилганди. Унга кўра, “Wonsan Kalma” номли курорт Шимолий Кореянинг шарқий соҳилида қуриб битказилган. Зона 1 июль куни маҳаллий сайёҳлар учун очилиши режалаштирилганди. Хорижлик туристларга эса қачон рухсат берилиши эса ҳалигача номаълум.

Мирзаева Дилафрўз Сафар қизи. 1999 йилда Тошкент вилоятида таваллуд топган. Миллати — ўзбек. 2024 йилда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг Синхрон таржима йўналиши магистр босқичини тамомлаган.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар